Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида янги босқич

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси (АCCИ) делегацияси билан учрашув ўтказди. Делегацияга ACCI раиси ўринбосари Ариян Азимий бошчилик қилди.
Томонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, хусусий секторлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди:
– Ҳар чоракда Тошкент, Қобул, Термиз ва Балхда B2B учрашувлар ўтказиш;
– АCCИ ваколатхонасини Тошкентда очиш таклифи;
– Афғон тадбиркорларига бизнес визаларини соддалаштириш;
– Термиз портида юк ташиш ва божхона жараёнларини тезлаштириш;
– Ҳар йили қўшма савдо кўргазмалари ўтказиш.
Томонлар бу ташаббуслар савдо ҳажмини оширишга, янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Учрашув якунида Даврон Вахабов Афғонистон делегацияси ташрифини савдо-иқтисодий муносабатларда янги босқич деб баҳолади.