Самарқандда 18 кг кумуш сотмоқчи бўлганлар ушланди

Самарқанд вилоятида ноқонуний кумуш савдоси билан шуғулланган шахслар фаолияти тўхтатилди, деб хабар берди идоралар манбалари.
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари Нарпай туманида ўтказган тезкор тадбир давомида Навоий вилоятида яшовчи уч нафар шахс — 1980, 1983 ва 1987 йилларда туғилган фуқаролар — “шартли харидор”га 18 килограмм кумушни 21 минг долларга сотиш пайтида жиноят устида қўлга олинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Асиллик даражаси назорати инспекцияси хулосасига кўра, ушбу металлнинг соф оғирлиги 16 килограмм 744 грамм бўлиб, “999” асиллик даражасига эга. Унинг умумий баҳоси 502 миллион сўмдан зиёд деб баҳоланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисми “а” банди бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, кумушнинг келиб чиқиш манбаси ўрганилмоқда.
Маҳаллий манбаларнинг таъкидлашича, охирги ойларда қимматбаҳо металлар билан боғлиқ ноқонуний операциялар сони ортиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар назорати кучайтирилган.