“Уч мушкетёр” юлдузи Смехов юрак муаммоси билан оғрий бошлади

85 ёшли рус актёри Вениамин Смеховда ортиқча вазн сабаб юрак билан боғлиқ муаммолар аниқланди. Бу ҳақда Mash Телеграм-канали хабар берди.
Маълумотларга кўра, “Д’Артанян ва уч мушкетёр” фильмида Атос ролини ижро этган санъаткор юриш пайтида нафас қисилиши ва аритмиядан шикоят қилиб, шифокорга мурожаат қилган.
Текширувлар вақтида бир неча йил олдин ўрнатилган юрак стенди соғлом экани маълум бўлди, аммо мутахассислар Смеховга шошилинч равишда вазн йўқотишни тавсия қилган. Шунингдек, суякларини мустаҳкамлаш учун витаминлар қабул қилиш кераклиги айтилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда актёр елкасидан жарроҳлик амалиёти ўтказган ва шундан кейин ҳаракатчанлигини тиклаган. Унинг елкаси бир неча йил олдин рафиқаси тасодифан устига йиқилиб тушганидан кейин нотўғри битиб кетгани маълум.
Вениамин Смехов — театр ва кинонинг таниқли вакили, IV даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. У ҳозир ҳам саҳналаштириш ва китоб ёзиш фаолияти билан шуғулланади.