Франция Миллий ассамблеяси мамлакат бош вазири Себастьен Лекорню ҳукуматига ишончсизлик вотуми эълон қилиш учун етарлича овоз тўплай олмади

Франция Миллий ассамблеяси мамлакат бош вазири Себастьен Лекорню ҳукуматига ишончсизлик вотуми эълон қилиш учун етарлича овоз тўплай олмади — Reuters.
Биринчи ишончсизлик вотуми “Енгилмас Франция” радикал-сўл партияси ташаббуси билан ўтказилди ва 271 овоз олди. Иккинчи ишончсизлик вотуми таклифи Марин Ле Пен бошчилигидаги ўта ўнг “Миллий бирлашув” партияси томонидан илгари сурилди — у 144 овоз тўплади. Ҳукумат истеъфоси учун 289 та овоз керак эди.
Ишончсизлик вотумларига чап беришда Лекорнюга Франция президенти Эммануэл Макроннинг муҳим ислоҳотларидан бири — пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшгача оширишни 2027 йилги президентлик сайловларигача тўхтатиб туриш ваъдаси ёрдам берди. Бу ён бериш унга социалистларни ўз томонига оғдиришга кўмаклашди, дея ёзади Reuters.
Агар Лекорню ишончсизлик вотумларидан бирида ютқазганида, у ва унинг вазирлари зудлик билан истеъфога чиқишига тўғри келарди, Макрон эса мухолифатнинг фавқулодда парламент сайловларини ўтказиш бўйича катта босими остида қоларди, бу эса Францияни янада инқирозга олиб келарди.