Марказий банк 8 та банкка жарима санкцияси қўллади

Марказий банк 8 та банкка жарима санкцияси қўллади

Марказий банкнинг сентябр ойида ўтказилган йиғилишларида банклар ва тўлов ташкилотлари фаолиятига оид 43 та масала кўриб чиқилган ва қонунбузарликлар аниқлаган 8 та банкка нисбатан жарима санкцияси қўлланилган.

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2025 йилнинг сентябр ойидаги йиғилишларида (9 марта) 43 та масала кўриб чиқилган ва тегишли қарорлар қабул қилинган. Бу ҳақда Марквзий банк матбуот хизмати хабар берди.

Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 28 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (5 та), янги очилаётган микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (2 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (3 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (3 та), микромолия банки фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш (1 та), шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (14 та) билан боғлиқ масалалар кўрилди.

Шунингдек, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолати, пруденциал меъёрларга риоя этилиши ва банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 15 та масала муҳокама қилинган. Бунда, банклар томонидан Марказий банк кўрсатмалари ва миллий қонунчилик талабларига тўлиқ амал қилинмаган ҳолатлар қайд этилган.

Текширувлар натижасида 7 та банк ва 13 та тўлов ташкилотига фаолиятидаги камчиликлар учун огоҳлантириш берилган. Уларга пруденциал норматив талабларига амал қилмагани, ички назорат тизимини етарлича самарали ташкил этмагани ва инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар учун чора кўриш тавсия этилган.

Энг муҳим қарорлардан бири сифатида, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ҳамда оммавий қирғин қуролларини тарқатишга қарши кураш қоидаларини бузганлиги ва мижозлар билан муносабатларда қонунчилик талабларига амал қилмаганлиги учун 8 та банкка нисбатан жарима санкцияси қўлланди.

Марказий банк таъкидлашича, бу чоралар банк тизимида шаффофликни таъминлаш, мижозлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва молиявий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: