Трамп Хитой билан ўзаро манфаатли битим тузиш имконияти борлигини билдирди

Трамп Хитой билан ўзаро манфаатли битим тузиш имконияти борлигини билдирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой билан ҳар икки томон учун манфаатли бўлган келишув тузиш имкониятига ишонч билдирди.

Оқ уйда Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашувдан сўнг журналистлар саволларига жавоб берган Трамп яқин ҳафталарда Жанубий Кореяда Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашишини маълум қилди.

“Менимча, ишлар жуда яхши кетмоқда. Биз Хитой билан жуда яхши муносабатдамиз”, — деди Трамп Хитой билан олиб борилаётган савдо музокараларига изоҳ берар экан.

АҚШ етакчисининг сўзларига кўра, “музокаралар олға кетмоқда” ва ҳар икки томон учрашиш ниятида.

Трамп Хитойни “йиллар давомида АҚШдан шафқатсизларча фойдаланган” деб танқид қилиб, мамлакат ҳар йили юзлаб миллиард доллар йўқотганини, аммо тарифлар туфайли эндиликда иқтисодий ҳолат яхшиланганини таъкидлади.

Савдо келишувига эришиш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берган Трамп шундай деди:
“Ўйлайманки, биз ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлган келишувга эриша оламиз.”

АҚШ молия вазири Скотт Бессент эса бугун кечқурун хитойлик ҳамкасби билан учрашишини ва келаси ҳафта Малайзияда Хитой делегацияси билан музокаралар ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: