Миср Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишувига риоя қилишга чақирмоқда

Миср Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишувига риоя қилишга чақирмоқда

Миср Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатини Шарм аш-Шайхда имзоланган сулҳ битимига қатъий риоя қилишга чақирди.

Бу ҳақда Миср ташқи ишлар вазири Бадр Абдулати франциялик ҳамкасби Жан-Ноел Барро ва даниялик ҳамкасби Ларс Лёкке Расмуссен билан телефон орқали мулоқоти чоғида маълум қилди.

Миср ТИВ баёнотига кўра, Абдулати Шарм аш-Шайхда эришилган келишувларга риоя қилиш сулҳни мустаҳкамлаш ва барқарорликни таъминлаш учун калит омил эканини таъкидлади. У бу келишувни “ҳужумларни тўлиқ тугатиш сари муҳим қадам” деб атади ва Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини тўлиқ ҳамда тўсиқсиз етказиш зарурлигини билдирди.

Вазир шунингдек, франциялик ва даниялик ҳамкасблари билан келаси ой Мисрда ўтказилиши режалаштирилган Ғазони қайта қуриш бўйича халқаро конференцияга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди.

Унинг таъкидлашича, қайта тиклаш лойиҳалари март ойида қабул қилинган араб-ислом реконструкцияси режаси доирасида ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқни тартибга солиш ташаббуси билан мувофиқ ҳолда амалга оширилиши лозим.

Абдулати қайта қуриш дастурларини “Фаластин халқи ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг қамровли ёндашув” руҳида амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

4 март куни Қоҳирада бўлиб ўтган Араб Лигаси саммитида аҳолини кўчирмасдан Ғазо секторини тиклашни назарда тутувчи “Араб режаси” тасдиқланган эди. Қиймати 53 миллиард долларга баҳоланган ва 5 йилга мўлжалланган лойиҳа амалга оширилиши кутилмоқда.

Франция ва Дания ташқи ишлар вазирлари Мисрнинг минтақада барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдиришди ҳамда халқаро конференцияга тайёргарликда Қоҳира билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлашди.

Бугун эрталаб Исроил кучлари ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, Ғазо шаҳри шарқ қисмига ҳужум уюштириб, икки фаластинликни ўлдирган. Исроил армияси “сариқ чизиқ” деб аталувчи чегарани кесиб ўтган шахсларга қарши ўқ узганини даъво қилди.

Ғазо маъмурияти маълумотига кўра, Исроил 10 октябрда кучга кирган келишувдан бери 80 марта оташкесим режимини бузган, натижада 97 фаластинлик ҳалок бўлган, 230 дан ортиқ киши яраланган.

9 октябр куни АҚШ президенти Дональд Трамп Мисрдаги музокаралар чоғида Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш режасининг биринчи босқичига рози бўлганини маълум қилган эди. Келишув 10 октябр куни Исроил вазирлар маҳкамаси томонидан маъқуллангач кучга кирган ва ўша куни пешин пайти оташкесим амалга оширилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: