ОАВ: 10 мингдан ошиқ ғазоликнинг жасади вайроналар тагида қолмоқда

Қатарнинг Ал-Жазира телеканалига кўра, Ғазо секторидаги Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида вайрон бўлган турар-жой бинолари вайроналари остида 10 мингга яқин фаластинликларнинг жасади қолмоқда.
Ғазо фуқаролик мудофааси вакилининг сўзларига кўра, биргина Ғазо шаҳридаги 4000 га яқин аҳолининг жасади ҳалигача топилмаган. Унинг таъкидлашича, ўт очишни тўхтатишга қарамай, жасадларни олиб чиқиш учун махсус жиҳозлар зарур.
6 октябр куни Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати делегациялари Миср, Қатар, АҚШ ва Туркия воситачилигида Ғазо секторидаги вазиятни тартибга солиш бўйича билвосита музокараларни давом эттирди. 9 октябр куни можаро томонлари АҚШ президенти Доналд Трамп илгари тақдим этган тинчлик режасининг биринчи босқичини амалга ошириш бўйича келишувни имзолади.
Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишуви 10 октябр куни кучга кирди.
19 октябр куни Исроил армияси Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳри яқинида исроиллик қўшинлари ўққа тутилган воқеа ҳақида хабар бериб, ҲАМАС томонидан ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини эълон қилди. Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда ҲАМАСни айблади ва Қуролли кучларга ҳаракатга қарши чора кўришни буюрди. ҲАМАС вакиллари Рафаҳдаги воқеага алоқаси борлигини рад этди.