TVS Uzbekistan банки собиқ таҳлилчиси Россияда терактга алоқадорликда айбланмоқда

Серебряковга террорчилик ва портловчи моддалар билан боғлиқ бир қанча моддалар бўйича айбловлар қўйилган, тергов давом этмоқда.
Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди TVS Uzbekistan маълумотлар банкининг собиқ таҳлилчиси Евгений Серебряковга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қўлланилган ҳибсда сақлаш муддатини яна олти ойга узайтирди. У 2024 йилда Москванинг Синявинская кўчасида ҳарбий автомобиль портлатилишида иштирок этганликда айбланмоқда.
Суд матбуот хизматининг маълум қилишича, жиноий ишнинг махфий хусусиятидан келиб чиқиб, суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида ўтказилиши мумкин. Суд жараёни 29 октябрь куни бошланиши режалаштирилган.
Тергов материалларига кўра, Серебряков жиноятни режалаштириш босқичида Украина ҳарбий-сиёсий гуруҳлари билан алоқада бўлган ҳамда тайёргарлик харажатларини қоплаш мақсадида 1 400 доллар олган. Унга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг террорчилик фаолияти, портловчи моддалар билан ноқонуний муомала ва террорчилик ҳаракатига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бир неча моддаларига асосан айблов эълон қилинган.
Суд томонидан ҳибс муддати узайтирилган Серебряков ҳозирда тергов изоляторида сақланмоқда. Тергов органлари жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш ва воқеа тафсилотларини тўлиқ ўрганиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.