Россияга қарши жорий қилган санкциялар Европанинг ўзига қарши ишламоқда

ЕИ Россияга қарши жорий қилган санкциялар Европанинг ўзига қарши ишламоқда, деди ТИВ расмий вакили Мария Захарова
Унинг айтишича, ҳозирги Европа элитаси очиқ-ойдин ҳақиқатни тан олишни истамаяпти: санкциялар “кўзлангандек ишламаяпти”.
“Брюсселнинг Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш имкониятлари тугади. Улар Россия иқтисодиёти ва унинг мудофаа қобилиятига стратегик зарар етказиш концепциясини амалга оширишнинг деярли барча имкониятларини аллақачон тугатган”, — деди Захарова брифингда.
Дипломат, шунингдек, Россия ЕИнинг ҳар қандай душманона ҳаракатларига ўзи учун энг тўғри ва фойдали деб ҳисоблаган тарзда жавоб бериш ҳуқуқини сақлаб қолишини қўшимча қилди.
Аввалроқ, Европа Иттифоқи Россияга қарши 19-санкциялар пакетини тасдиқлаган эди. Янги чоралар Россия банклари, крипто-биржалар, шунингдек, Ҳиндистон ва Хитойдаги айрим ташкилотларга тааллуқли, деган эди Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас.