Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “IV Глобал ва миллий иқтисодиёт трендлари: Ўзбекистон – 2030 стратегияси” халқаро форуми бўлиб ўтди

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “IV Глобал ва миллий иқтисодиёт трендлари: Ўзбекистон – 2030 стратегияси” халқаро форуми бўлиб ўтди

2025 йил 23–24 октябрь кунлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “IV Глобал ва миллий иқтисодиёт трендлари: Ўзбекистон – 2030 стратегияси” халқаро форуми ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ–158-сон “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисидаги ҳамда 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонлари ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.

Икки кун давом этган мазкур халқаро форумнинг асосий мақсади – “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, халқаро ва миллий экспертлар ўртасида илмий мулоқот ва тажриба алмашинуви платформасини яратишдан иборат бўлди.

Форум илк бор ташкил этилган кунданоқ нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам интеллектуал мулоқот майдони сифатида танилди. У жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар ва миллий тараққиёт тенденцияларини таҳлил қилиш, илмий ғояларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда халқаро тажрибани Ўзбекистон иқтисодий амалиётига жорий этишда муҳим илмий майдон вазифасини бажармоқда.

Форумнинг ялпи мажлисида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Миллий статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва бир қатор халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда АҚШ, Буюк Британия, Малайзия, Индонезия, Япония, Франция, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия Федерацияси ва Жанубий Корея каби мамлакатлардан 50 дан ортиқ нуфузли олимлар ва экспертлар, шунингдек, маҳаллий иқтисодчи олимлар ҳамда профессор-ўқитувчилар илмий маърузалари билан қатнашдилар.

Форум доирасида “Яшил иқтисодиётга ўтиш шароитида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш йўналишлари”, “Банк-молия тизими ва хусусий секторни ривожлантириш йўналишлари”, “Машинали ўрганиш ва сунъий интеллект: эконометрик таҳлилга янги ёндашувлар” мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ўтказилди. Ялпи мажлиснинг иккинчи қисмида Халқаро форуми доирасида ТошТеч техника университети ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Адҳам Худайқуловнинг “The Transition Trap: Three Decades of Transition in Central Asia” номли илмий асари тақдимоти бўлиб ўтди.

Анжуманларда иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, инновацион таҳлил усулларини жорий этиш, молия, инвестиция, инновация ва “яшил” ривожланиш соҳаларида халқаро ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Форум доирасида “Корпоратив ижтимоий масъулият, яшил кўникмалар ва келажак касблари” мавзусида WORKSHOP ҳам ташкил этилди. Унда илмий доиралар, бизнес ва ёшлар ҳамкорлигида замонавий меҳнат бозори учун долзарб компетенциялар муҳокама қилинди.

Шунингдек, “Юксак интеллектуал ёшлар ҳамдўстлиги – келажак иқтисодиёт пойдевори” халқаро ёшлар фестивали ўтказилиб, унда талабалар ва ёш олимлар ўртасида олимпиадалар, стартап танловлар, “Тадбиркорлик фабрикаси” лойиҳаси ҳамда “Финтех келажаги биз билан” кўрик-танловлари бўлиб ўтди.

Жами 7 та танловда 3000 дан ортиқ талабалар фан, инновация ва амалий иқтисодиёт соҳаларида ўз иқтидорларини намоён этдилар. Ғолиблар форум якунларида тантанали равишда тақдирландилар.

Форум якунлари бўйича илмий таклифлар ва тавсиялар “Янги Ўзбекистон – янги тараққиёт босқичи” концепцияси доирасидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга хизмат қилади. Форумда илгари сурилган илмий ғоялар мамлакатдаги иқтисодий ривожланишнинг илмий асосини мустаҳкамлаб, минтақавий барқарор ривожланиш жараёнларига ҳам ҳисса қўшмоқда.

 

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ташаббуси билан ўтказилган мазкур форум бугунги кунда нафақат илмий анжуман, балки мамлакатнинг интеллектуал имижини мустаҳкамловчи, иқтисодий фикрнинг янги авлодини тарбияловчи ва Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширувчи миллий академик бренд сифатида тобора кенг танилиб бормоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: