Франция Президенти: Ғазода устуворлик — сулҳни сақлашдир
Франция президенти Эммануэль Макроннинг таъкидлашича, Ғазо секторидаги энг муҳим вазифа — отишмаларни тўхтатиш келишувини сақлаб қолишдир. Унинг фикрича, БМТ Хавфсизлик Кенгаши мандати остида фаластинликлар ва халқаро кучлар иштирокида Ғазо учун махсус бошқарув тизимини яратиш зарур.
Брюсселдаги Европа Иттифоқи саммити якунларидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида Макрон АҚШ президенти Дональд Трамп таклиф қилган отишмаларни тўхтатиш режасини амалга оширишда қатъийлик билан ҳаракат қилишларини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда асосий вазифа — отишмаларни тўхтатиш келишувини сақлаш ва инсонпарварлик ёрдамини қайта йўлга қўйишдир. Макрон маълум қилишича, ҳар куни тахминан 300 га яқин ёрдам юк машинаси секторга кириб келмоқда, аммо бу аҳоли эҳтиёжини қондириш учун етарли эмас.
“Фаластинликлар ва Фаластин маъмуриятининг ролини тўлиқ эътироф этган ҳолда Ғазо учун махсус бошқарув тизимини яратиш, ички хавфсизлик кучлари ва полицияни жойлаштириш зарур. Биз уларни қўшимча тайёргарликдан ўтказишга тайёрмиз. Шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгаши мандати остида халқаро барқарорлик кучларини шакллантириш лозим”, — деди Франция раҳбари.
Макрон Европа Иттифоқи бу жараёнда фаол иштирок этишга тайёрлигини ҳам билдирди. “Бу, хусусан, ўтиш нуқталари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ЕUBAM Rafah миссиясини (Европа Иттифоқининг Рафаҳдаги чегарага ёрдам кўрсатиш миссияси) жойлаштириш ва Фаластин полициясини Ғазога тезкор жойлаштириш бўйича ўқув дастурларимизни кучайтиришни ўз ичига олади”, — деди у.
Президент шунингдек, Ироқ халқига ҳамдардлик изҳор этиб, унинг суверенитетини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Макрон саммитда Украина президенти Владимир Зеленский билан ҳам учрашиб, Украинадаги вазиятни муҳокама қилганини маълум қилди. У Европа Иттифоқининг барча давлатлари Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқ эканини яна бир бор тасдиқлаганини айтди.
Франция раҳбари қўшма штатлар билан биргаликда Россия–Украина можаросида ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатиш тарафдори эканини билдириб, Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича ҳар қандай музокаралар Киев ҳукумати иштирокисиз ўтказилиши мумкин эмаслигини таъкидлади.
“Биз бошиданоқ барқарор ва ҳақиқий тинчликни таъминлаш тарафдоримиз. Президент Трампнинг сўнгги баёнотлари тўғри йўналишда. Улар масаланинг моҳиятини кўрсатди: Россия аслида тинчликни хоҳламайди”, — деди Макрон.
У шунингдек, Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришини, Россияга нисбатан босимни санкциялар орқали кучайтираётганини таъкидлаб, Москвага қарши 19-чекловчи чоралар пакети қабул қилинганидан мамнуният изҳор этди.
