Ҳиндистон Дивали байрами сабаб 14 нафар бола кўр бўлиб қолди

Ҳиндистон Дивали байрами сабаб 14 нафар бола кўр бўлиб қолди

Яна юзлаб болалар турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Ҳиндистоннинг Мадҳя-Прадеш штатида Дивали байрами вақтида ноқонуний равишда ишлатилган портловчи қурилмалар 14 нафар боланинг кўр бўлиб қолишига сабаб бўлди. Яна юзлаб болалар шифохоналарга ётқизилган.

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, фақат Бҳопал ва Видиша туманларининг ўзида 120 дан ортиқ бола жароҳат олган. Тиббиёт ходимлари камида 14 нафар боланинг кўриш қобилиятини тиклаб бўлмаслигини тасдиқлаган.

“Карбид қурол” — бу кальций карбид ва сув аралашмасидан ҳосил бўладиган портловчи газ ёрдамида ишлайдиган уй шароитида тайёрланган қуролча. Портлаш чоғида қувурдан учган металл ёки пластик бўлаклар болаларнинг кўзи ва юзига оғир шикаст етказган.

Расмийлар бу турдаги портловчи ўйинчоқларни сотишни аввалданоқ тақиқлаганини маълум қилган. Бироқ айрим бозорларда улар яширинча сотилгани аниқланган. Полиция бир нечта сотувчини қўлга олган, аммо фуқаролар ҳукуматдан қатъий чоралар кўришни ва жабрланганларга компенсация тўлашни талаб қилмоқда.

Мутахассислар Дивали байрамида хавфсиз, сертификатланган пиротехника воситаларидан фойдаланиш ва болаларни бундай хавфли ўйинлардан узоқ тутиш зарурлигини эслатмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: