АҚШ собиқ вице-президенти Камала Ҳаррис бир кун келиб президент бўлиши мумкинлигини айтди
У бу ҳақда BBC телеканалининг «Лора Кюнсберг билан якшанба» кўрсатуви бошловчисига берган интервюсида гапирди. Ушбу интервю эртага эрталаб эфирга узатилади.
Ҳаррис Демократик партиядан президентликка номзодлар рўйхатига кириши имконияти ҳатто Голливуд актёри Дуэйн Жонсонникидан ҳам паст эканлиги ҳақидаги мулоҳазага жавоб берар экан, у ҳеч қачон сўровномаларга эътибор бермаслигини айтди.
«Агар мен сўровномаларга қулоқ солганимда, на биринчи лавозимга, на иккинчисига номзодимни қўйган бўлардим ва албатта ҳозир бу ерда ўтирмасдим», – дейди Ҳаррис.
У ўзининг собиқ рақиби Трампни «мустабид» деб атади ва у ҳақидаги сайловолди огоҳлантиришлари тўғри чиққанини таъкидлади.
