Ирландияда президентлик сайловида Кэтрин Коннолли ғалаба қозонди

Ирландияда президентлик сайловида Кэтрин Коннолли ғалаба қозонди

Ирландияда амалдаги давлат раҳбари Майкл Ҳиггинснинг ўрнини эгаллайдиган мамлакатнинг 10-президентини аниқлаб берувчи сайлов бўлиб ўтди. Овозларни санаш жараёни ҳали тугалланмаган бўлса-да, барча округлардан келган маълумотлар Конноллининг катта устунлик билан ғалаба қозонганини кўрсатмоқда.

Айни пайтда у 64 фоиз овоз тўплаган бўлса, рақиби Fine Gael партияси вакили Ҳизер Ҳамфрис 28 фоиз билан ундан анча ортда бормоқда. Ҳамфрис аллақачон рақибасини ғалаба билан табриклади.

«Кэтрин барчамиз учун президент бўлади. У менинг ҳам президентим бўлади ва мен унга чин қалбдан энг эзгу тилакларимни изҳор этаман», – деди у.

Ўзи туғилган Голуэй графлигида нутқ сўзлаган Коннолли дастлабки натижалар уни «ниҳоятда қувонтирганини» таъкидлади.

Маълумот учун, Кэтрин Коннолли мустақил сиёсатчи ҳисобланади. Уни бир қатор сўл партиялар, жумладан, Sinn Fein ҳам қўллаб-қувватлади. У 2016 йилдан бери Ирландия парламентида фаолият юритмоқда, ундан олдин эса психолог ва адвокат сифатида ишлаган.

Ирландия парламен республикаси ҳисобланади ва ваколатларнинг аксарияти депутатлар кўпчилигига таянадиган ҳукуматга тегишлидир. Президент етти йиллик муддатга сайланади ва асосан расмий маросимларни бажаради.

Дўстларингизга ҳам юборинг: