35% мигрант рус тили имтиҳонида муваффақиятсизликка учради
Россия Федерацияси Таълим ва фан вазирлиги маълумотларига кўра, хорижлик меҳнат мигрантларининг учдан бир қисми рус тили имтиҳонидан ўта олмади. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги хабар берди.
2025 йил июль–сентябрь ойларида ўтказилган тест синовларида иштирок этган 275,6 минг нафар чет эл фуқароларининг қарийб 35 фоизи биринчи уринишда имтиҳонни топшира олмаган. Шу билан бирга, рус тилидан имтиҳонни муваффақиятли топширганлар улуши 87 фоизни ташкил этган.
Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун биринчи даражали аттестация талаб этилади — бу даражада фақат тил бўйича имтиҳон ўтказилади. Иккинчи босқич вақтинчалик яшаш рухсатномасини (РВП) олиш учун, учинчи босқич эса доимий яшаш гувоҳномасини (ВНЖ) олиш учун зарур бўлиб, уларга Россия тарихи ва қонунчилиги асослари бўйича тестлар ҳам киради.
Вазирлик маълумотига кўра, имтиҳон топшириш учун мамлакат бўйлаб 203 та махсус пункт ташкил этилган. Шунингдек, тест марказлари Россия ташқарисида ҳам, хусусан, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудларида ҳам фаолият юритмоқда.
Аввалроқ айрим тоифадаги мигрантлар учун рус тили имтиҳони талаблари соддалаштирилгани маълум қилинган эди. Бунга ватандошларни кўнгилли равишда қайтариш дастури иштирокчилари ҳамда Россияга кўчиб ўтишни режалаштираётган ва мамлакатнинг анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларига ҳурмат билан қарайдиган шахслар киради.
