Аргентинада президент Хавьер Милейнинг партияси парламент сайловларида ғалаба қозонди — BBC
Милейнинг “Озодлик одимлайди” (La Libertad Avanza) либертариан партияси Миллий Конгресс (мамлакат парламенти)га ўтказилган оралиқ сайловларда ғалаба қозонди.
Овозларнинг деярли 99 фоизи ҳисоблаб бўлингач, Милей партияси 40,7 фоиз овоз тўплаган бўлса, мухолифат алянсининг улуши 31,7 фоизни ташкил этди. Сайловчилар фаоллиги 68 фоизга етди, бу 2021 йилдаги олдинги оралиқ сайловлардаги 71,8 фоиздан пастроқ кўрсаткичдир.
Бу натижалар “Озодлик одимлайди” партияси ва унинг иттифоқчилари парламентнинг иккала палатасидаги ўринларнинг камида учдан бирини қўлга киритганини англатади. BBC News маълумотларига кўра, бу Сенатдаги 24 ўриндан 13 таси ва Депутатлар палатасидаги 127 ўриндан 64 тасидир. Ушбу сайловларгача Милей партияси Сенатда еттита ва Депутатлар палатасида 37 та ўринга эга эди. Энди у Милейга вето ҳуқуқини сақлаб қолиш ва ўз фармонларини ҳимоя қилиш имконини берувчи муҳим чегарадан ўтди, дея таъкидлайди The Wall Street Journal.
Милей партиясининг бу натижаси унинг Конгрессдаги мавқеини мустаҳкамлайди ва унга “ҳукуматининг бир қатор хатоларидан сўнг чайқалган” Аргентина иқтисодиётини тубдан қайта қуришни давом эттириш имконини беради, деб ёзади Financial Times.
