Туркиядаги 4 та қишлоқ “2025 йилнинг энг яхши туризм қишлоғи” мақомига сазовор бўлди
БМТ Жаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) “2025 йилнинг энг яхши туризм қишлоғи” номинацияси бўйича тақдирлаш маросими Хитойнинг Хузжоу шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Туркиядаги тўртта қишлоқ: Муғла вилоятидаги Акяка, Измирдаги Барбарос, Мардиндаги Анитли ва Анталиядаги Кале Учағиз “2025 йилнинг энг яхши туризм қишлоғи” эътирофига сазовор бўлди.
Тўртта янги қишлоқ қўшилиши билан Туркия БМТнинг энг яхши туризм қишлоқларига эга мамлакатлар рўйхатида тўққизинчи ўринга кўтарилди.
Акяка: соҳил бўйидаги “жаннат”
Акяка қишлоғи Муғла вилоятида жойлашган бўлиб, у ям-яшил тоғлар ва мовий денгиз орасидаги ноёб осойишта маскан саналади. Қишлоқ шамол сёрфинги, кайтсёрфинг, велосипед ҳайдаш ва пиёда сайр қилиш каби очиқ ҳаво машғулотлари учун кенг имкониятларга эга. Бундан ташқари, қишлоқ меъморчилигининг энг гўзал намуналарини Усмонли ва Эгей услубларини мужассам этган анъанавий Ула уйларида кўриш мумкин. Шаҳарнинг шовқин-суронидан қочиб, сокин ҳаёт излаганлар учун бу қишлоқ айни муддао. Акяка халқаро Cиттаслоw тармоғига аъзо бўлиб, бу ерда сокин ва секин ҳаёт ҳукмрон.
Барбарос: чинакам меҳмондўст қишлоқ
Барбарос қишлоғи Измир вилоятининг Урла туманида жойлашган. Бу қишлоққа ташриф буюрсангиз, кўз олдингизда тошдан барпо этилган уйлар ва маҳаллий меъморчиликнинг бетакрор намуналари намоён бўлади. Қолаверса, мазали таомлари, меҳмондўст аҳолиси, маҳаллий маҳсулотлари ва анъанавий ҳунармандчилиги билан машҳур. Қишлоқнинг тор кўчаларида “Çat kapı” деб ёзилган белгили эшикларни тақиллатиб, хонадонларда маҳаллий зайтун мойи, сабзавот ва ўсимликлардан тайёрланган миллий таомлардан татиб кўриш мумкин. Бундан ташқари, баҳор фаслида ўтказиладиган Оюк фестивалида кўчаларни безаш учун сомондан ясалган қўғирчоқлар ўзига хослиги билан ажралиб туради.
Анитли: Тарихий ва маданий маскан
Анитли қишлоғи Мардин вилоятининг Мидят туманида жойлашган. Мардин вилояти турли маданият ва дин вакиллари — сурёнийлар, мусулмонлар, езидлар ҳамда насронийлар тинч-тотув яшаб келаётган маданий бешик ҳисобланади. Анитлига қадимда насронийлар асос солган. У бугунги кунгача ўз тарихий қиёфасини сақлаб қолган ҳудудлардан биридир. Биби Марям черковидаги тонгги ва кечки ибодатлар, ҳар ўн беш кунда бўлиб ўтадиган махсус маросимлар, шунингдек Рождество ва Пасха давридаги диний урф-одатлар —бу диний туризмга қизиқадигалар учун бебаҳо имкониятдир. Бундан ташқари, бу ерга келган сайёҳлар Мидят халқаро маданият ва санъат фестивалида иштирок этиш, қора қовурилган нўхат, бодомли шакар каби маҳаллий таомлардан татиб кўриш, ҳатто маҳаллий аҳоли билан биргаликда мева териш каби анъанавий қишлоқ ҳаёти тажрибаларидан баҳраманд бўлишлари мумкин.
Кале Учағиз: қирғоқдаги яширин марварид
Кале Учағиз Анталия вилоятининг Демре туманида жойлашган бўлиб, унинг тарихи асрларга бориб тақалади. Бу жой шунчаки оддий қишлоқ эмас — унинг кўчалари ва диққатга сазовор жойларидан тарих нафаси уфуриб туради. “Қалъа қишлоғи” номи билан ҳам танилган Кале Учағиз асосий йўллардан йироқда жойлашгани боис денгиз суви тиниқ ва шаффоф. Бу қишлоқ узоқ масофали Ликя йўлининг кириш эшиги ҳисобланади. Бу ердан турли қўлтиқларни кезувчи қайиқ саёҳатларига чиқиш ёки каноеда сузиб, сув остидаги қадимий ёдгорликларни томоша қилиш мумкин. Қишлоқ, шунингдек, зайтун дарахтлари билан қопланган тепаликлари, бегонвиллар билан безатилган тош уйлари ва балиқчи қайиқларига тўла кичик бандаргоҳи билан сайёҳлар қалбини забт этмоқда.
