Лотин Америкасидан Африкагача — Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 60 дан ортиқ хорижий университетлар раҳбарлари иштирокида Саммит бўлиб ўтди
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Жанубий Кореянинг нуфузли Кюнгдонг университети билан ҳамкорликда биринчи “Талабалар мобиллиги учун глобал академик ҳамкорлик” Биринчи Саммити бўлиб ўтди. Халқаро саммит олий таълим муассасалари талабаларининг глобал академик мобиллигини чегара билмас даражада ривожлантириш, таълим олиш имкониятини янада кенгайтириш орқали Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришишга кўп томонлама халқаро ҳамкорлик кўпригини мустаҳкамлаш, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишларга қаратилган.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари, шунингдек мамлакатимизда фаолият юритаётган йигирмадан ортиқ етакчи олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этдилар.
Мазкур халқаро тадбирда АҚШ, Финляндия, Бангладеш, Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Покистон, Перу, Танзания, Уганда, Канада, Туркманистон, Эквадор, Россия Федерацияси, Афғонистон, Мексика, Япония, Жанубий Судан, Монголия, Беларусь ва Хитой каби мамлакатлардан 60 дан ортиқ нуфузли олийгоҳлар раҳбарлари, расмий делегация вакиллари иштирок этди.
Бу каби кенг қамровли иштирок саммитнинг илмий, амалий ва стратегик аҳамиятини янада мустаҳкамлаб, уни жаҳон миқёсидаги академик мулоқот ва инновацион ҳамкорлик платформаси сифатида юқори даражага кўтарди. Саммит иштирокчилари таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш орқали келгусидаги глобал ҳамкорлик йўналишларини белгилаш, илмий билим ва тажриба алмашиш жараёнларини самарали ташкил этиш имкониятига эга бўлдилар, дейилади университет Ахборот хизмати берган хабарда.

Саммит кун тартибига Ўзбекистон, Лотин Америкаси, Европа Иттифоқи, Осиё ва Африка давлатлари олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, академик мобиллик ва профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича тажриба алмашиш, сунъий интеллект ва рақамли таълим технологияларини жорий этиш, “яшил иқтисодиёт” ва барқарор ривожланиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, энергетика таълими ва замонавий техникумлар фаолиятида инновацион ечимларни амалга ошириш, агроинновациялар ва камбағалликни таълим орқали қисқартириш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш каби стратегик масалалар киритилди.
Қайд этилишича, ТДИУ ва Кюнгдонг университети ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорлик доирасида ҳар ўқув йилида 60 нафар ТДИУ талабалари учун таълим грантлари ажратилган. Шунингдек, йил давомида 20 дан ортиқ профессор-ўқитувчи Кюнгдонг университети қошида малака ошириш курсларини ўташ имкониятига эга бўлмоқда.
