Ўзбекистонликлар энди чет элда HUMO карта орқали тўлай олади
Миллий тўлов тизими HUMO ва глобал тўлов платформаси Alipay+ (Ant International таркибида) халқаро QR-тўловларни ривожлантириш учун ҳамкорликни йўлга қўйди. Ушбу келишув Пекинда имзоланганини Business Wire хабар берди.
Дастлабки босқичда HUMO фойдаланувчилари ўз банк иловалари ёки ҳамёнлари орқали хорижда, хусусан, Хитой ва яна 50 дан ортиқ давлатда, жумладан Қозоғистон, Таиланд, БАА ва АҚШда сўмда тўловларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Alipay+ тизимига биринчи бўлиб Octobank’нинг Octomobile электрон ҳамёни интеграция қилинади.
Йил охиригача ушбу тизимга бошқа HUMO иштирокчилари ҳам уланиши режалаштирилган. Ҳамкорлик, шунингдек, Alipay+ фойдаланувчиларига Ўзбекистондаги савдо нуқталарида тўловларни амалга ошириш имконини беради.
Бу эса туризм ва чакана савдо соҳаларида янги имкониятлар яратади. HUMO бошқарув кенгаши раиси биринчи ўринбосари Максад Мухитдиновнинг сўзларига кўра, мазкур келишув ўзбекистонлик фойдаланувчиларга бутун дунё бўйлаб саёҳат қилиш ва тўловларни амалга оширишда қулайлик яратади, бизнес учун эса аудиторияни кенгайтириш имконини тақдим этади.
Бугунги кунда HUMO тизимида мамлакатдаги 35 та банк ва 42 та но-банк молиявий ташкилот бирлашган. Alipay+нинг Жануби-Шарқий Осиё, Австралия ва Жанубий Осиё бўйича бош менежери Эдвард Юэ ҳамкорлик Alipay+нинг Марказий Осиёдаги фаолиятини кенгайтириб, 45 миллиондан ортиқ рақамли ҳамён фойдаланувчиларини қамраб олишини қайд этди.
Alipay+ 40 дан ортиқ электрон ҳамён ва банк иловалари, шунингдек, 10 та миллий QR-тўлов тизимларини бирлаштирган бўлиб, 1,8 миллиард истеъмолчи аккаунтлари ва 100 миллиондан ортиқ савдо нуқталарини боғлайди.
