Россия ҳарбийлари Украинада инсониятга қарши жиноятлар содир этмоқда
БМТнинг Украинадаги воқеаларни ўрганиш комиссияси ҳисоботида таъкидланишича, Россия дронлари мунтазам равишда Украина тинч аҳолисига ҳужум қилмоқда. Бу ҳужумлар одамларнинг ҳалок бўлиши, жароҳатланиши ва кенг миқёсли вайронагарчиликларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳисобот БМТ Бош Ассамблеясининг ижтимоий, гуманитар ва маданий масалалар бўйича қўмитасига тақдим этилди. Ҳисобот муаллифларининг келтиришича, бундай ҳужумлар тизимли ва мувофиқлаштирилган тарзда амалга оширилмоқда.
«Хусусий уйлар, гуманитар ёрдам тарқатиш пунктлари, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра ҳарбий можаролар пайтида алоҳида мақомга эга бўлган тез тиббий ёрдам ходимлари ва ўт ўчирувчилар уларнинг нишонига айланмоқда. Россия ҳарбийларининг ҳаракатлари инсониятга қарши жиноятларнинг икки турини ташкил этади: қотиллик ва аҳолини мажбурий кўчириш, шунингдек, Россия қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудудлардан тинч аҳолини депортация қилиш ва кўчириш. Бу жараёнда айрим депортация қилинган ва кўчирилган шахслар асосий инсон ҳуқуқларини бузувчи қийноқларга дучор бўлганлар», дейилади ҳисоботда.
