Тошкентда Naqsh ҳунармандчилик мактаби очилди
Тошкент шаҳрида Naqsh ҳунармандчилик мактаби ўз фаолиятини бошлади. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Британининг Қирол жамғармаси анъанавий санъат мактаби (KFSTA) ҳамкорлигида ташкил этилган.
Мактабнинг очилиши ҳақида Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди. KFSTA мактаби кўп йиллардан бери дунёнинг турли бурчакларидан келган усталарни меъморчилик, нақш, хаттотлик ва анъанавий ҳунармандчилик соҳаларига ўргатиб келмоқда.
Энди ушбу тажриба Ўзбекистонда ҳам татбиқ этилмоқда. Naqsh мактаби илк йилида бешта курс ташкил қилади.
Биринчи курс Тошкентда ўтказилади, кейинги курс эса Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида бўлиб ўтади. Самарқандда талабаларга XV аср ёдгорликлари мисолида исломий санъат нақшлари ўргатилади.
