Турк нони: минг йиллик таъм, анъана ва маданий мерос

Турк нони: минг йиллик таъм, анъана ва маданий мерос

Туркияда нон қишлоқ ошхоналаридан тортиб, шаҳар ресторанлари ва кафеларигача ҳар бир дастурхоннинг безаги ҳисобланади. У нафақат асосий озиқ-овқат маҳсулоти, балки бу заминдаги барҳаёт маданий мерос тимсолидир. Онадўлида ноннинг чуқур илдиз отган анъанаси минг йилларга бориб тақалади. Қазишмалар натижасида топилган нон ва тандир қолдиқлари эса турк ошхона маданиятининг асрлар давомида ривожланиб, такомиллашиб келганидан далолат беради.

Энг қадимий нон излари: Онадўли мўъжизалари

Сўнгги археологик топилмалар энг қадимий нон тайёрлаш анъналари айнан Онадўли ҳудудига мансуб эканини кўрсатмоқда. Археологлар Конянинг ЮНEСКО рўйхатига киритилган Чаталҳўюк шаҳрида жиддий шикастланган тандир қолдиқлари орасидан 8 600 йиллик хамиртурушли нон топдилар ва у милоддан аввалги 6600 йилларга оид энг қадимги нонлардан бири саналади.

Шунингдек, Эски шаҳардаги Куллуоба тепалигидан 5 000 йиллик тарихга эга хамиртуруш ва тандирда пиширилган нон қолдиқлари топилган. Бу ноннинг таркибида эммер буғдойи ва ясмиқ борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, нон тахминан 140°С ҳароратда пиширилган бўлиб, унинг бир бўлаги ҳосил байрами доирасида атайлаб синдирилиб ёқилган, сўнг эса уй остонасига кўмилган.

Карамандаги Топрактепе (Иренеполис) қадимий шаҳрида олиб борилган қазишмалар чоғида милодий VII–VIII асрларга оид бешта карбонлашган нон топилган. Мутахассисларнинг фикрича, бу нонлар илк насронийлик маросимларида ишлатилган муқаддас нон бўлиши мумкин.

Туркиянинг Шонлиурфа вилоятидаги Ҳарран харобаларидан олмос нақшли нон қолипи топилди. Бу 800 йиллик қолип ўша давр одамларининг нонни қандай тайёрлаганига доир қимматли манбаи ҳисобланади.

Туркиянинг афсонавий нони: Пиде

Туркияда ўнлаб маҳаллий нон турлари мавжуд бўлиб, улар маҳаллий маҳсулотлар, иқлим шароити ва асрлар давомида шаклланган анъаналарни акс эттиради. Масалан, энг машҳур нонлардан бири “пиде” ўзига хос тошли ўтин печларда пиширилиши билан ажралиб туради. Пиде тайёрланиш услубига қараб турлича бўлиши мумкин: “тирнак пиде”, “томбик пиде” ёки Рамазон пидеси. Унга пишлоқ, исмалоқ, қовурилган гўшт ва қийма каби масаллиқлар қўшилади. Пиде ўзига хос таъми ва жозибаси билан турк ошхонасининг рамзига айланди.

ЮНEСКО эътироф этган нонлар: Лаваш ва Юфка

Турк пазандачилик маданиятида муҳим ўрин тутувчи яна икки нон тури лаваш ва юфка асрлар давомида Онадўли ҳудудида тайёрланиб келинади. Бу нонларни тайёрлаш, айниқса қишга ғамлаш ёки тўй каби махсус кунларда аёлларнинг биргаликда юпқа хамир ёйиб юфка пишириш анъанаси сифатида шаклланган. Бу ўзига хос анъана 2016 йилда ЮНEСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

Лаваш — пиденинг бир тури бўлиб, одатда дўнер, аччиқ “чиғ кўфте” ва бошқа турдаги кабоблар юмшоқ лавашга ўралган ҳолда тақдим этилади. Лавашдан ҳам юпқароқ бўлган юфка эса нонуштада пишлоқ билан бирга истеъмол қилинади. Ҳатто Туркиянинг миллий ширинлиги бўлган пахлава ҳам ўта нозик юфка қатламларидан тайёрланади.

Нон — қадим замонлардан бери Онадўли ҳаёти ва маданиятининг ажралмас бир қисми бўлиб келган. Бугунги кунда Туркияда сайёҳлар нафақат бу қадимий анъананинг изларини кашф этишлари, балки ҳанузгача тайёрлаб келинаётган турфа хил нонларнинг беқиёс таъмидан баҳраманд бўлишлари мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: