Chevrolet Cobalt учун онлайн шартнома 3 ноябрдан бошланади
2025 йил 3 ноябрдан Ўзбекистонда янгиланган Chevrolet Cobalt автомобилларининг савдоси бошланади. UzAuto Motors компанияси шартнома фақат онлайн тарзда – uzavtosavdo.uz сайти ёки UzAvtoSavdo иловаси (iOS ва Android) орқали тузилишини маълум қилди.
Онлайн рўйхатдан ўтиш эрталаб соат 10:00 дан бошланади. Автомобил ишлаб чиқарувчининг маълумотларига кўра, янги комплектациялар билан олдиндан танишиш учун намунавий автомобиллар дилерлик марказларига етказилган.
Онлайн шартнома учун барча моделлар, жумладан иккита янги версия ҳам мавжуд бўлади. 3 ноябр куни Chevrolet’нинг барча расмий дилерлик марказлари ёпилади ва UzAuto Motors’нинг савдо тизимидан узилади.
Шартнома фақат онлайн тарзда расмийлаштирилади. Компания, шунингдек, ҳақиқий шартнома QR-кодга эга бўлишини эслатиб ўтди.
QR-кодсиз шартномалар расмий ҳисобланмайди ва UzAuto Motors ёки унинг дилерларига алоқаси йўқ.
