Германия Қуролли кучлари Украиндаги уруш сабабли ўз фаолиятини қисқартиришдан воз кечмоқчи
Бу ҳақда Die Zeit хабар бермоқда.
Нашрнинг хабар беришича, Германия Қуролли кучлари (Бундесвер) эски ҳарбий объектларни фуқаролик мақсадлари учун фойдаланишга топширмасликка қарор қилган.
Манбага кўра, Россиянинг Украинага босқини ва Москванинг тажовузкор хатти-ҳаракатлари Германияни 1990 йиллардан бери давом этиб келаётган Бундесвер фаолиятини “қисқартириш”дан воз кечишга мажбур этган.
Шу муносабат билан Германия мудофаа идораси Федерал кўчмас мулк агентлигига (BImA) бутун мамлакат бўйлаб илгари ҳарбийлар фойдаланган камида 187 та объектни топширган эди. Энди Бундесвер уларни ўзининг “стратегик захираси”га қайтариб олмоқчи. Аммо бу қарор ушбу объектлардан фойдаланиш бўйича маҳаллий ҳокимиятлар режаларини бузиши мумкин.
«Биз ушбу қарорнинг аҳамиятини жуда яхши тушунамиз ва кўп ҳолларда эски ҳарбий объектлардан фуқаролик мақсадларида фойдаланиш режалари аллақачон мавжудлигини биламиз. Имкон қадар фуқаролик режаларини ҳисобга олишга ҳаракат қиламиз», – деди Германия Мудофаа вазирлиги котиби Нилс Ҳилмер.
«Бундесверга ер майдонлари керак бўлиши мумкин, чунки ҳукумат яқин йилларда немис ҳарбийлари сонини сезиларли даражада кўпайтиришни режалаштирмоқда. Бироқ бу қандай амалга оширилиши ҳали номаълумлигича қолмоқда. Германияда мажбурий ҳарбий хизматни қайта жорий этиш бўйича мунозаралар ҳам давом этмоқда, дейилади Die Zeit хабарида.
