Польша ҳаво кучлари Россиянинг разведка самолётини тутиб олди

Польша ҳаво кучлари Россиянинг разведка самолётини тутиб олди

29 октябрь куни Балтиқ денгизи устидан Россияга тегишли Ил-20 разведка самолёти парвоз қилгани қайд этилди. Польша ҳаво кучларининг навбатчиликда турган МиГ-29 ҳарбий самолётлари ҳавода жойлашган объектни аниқлаб, визуал идентификация ўтказди ва уни Польша масъулиятидаги ҳудуддан чиқариб юборди. Бу ҳақда мамлакатнинг Оператив қўмондонлиги ўзининг расмий X саҳифасида маълум қилди.

Баёнотда таъкидланишича, Россия самолёти халқаро ҳаво ҳудуди орқали ҳаракатланган ва разведка вазифасини бажарган. Шу билан бирга, у парвоз режасини тақдим этмаган, транспондери (алоқа идентификатор қурилмаси) эса ўчирилган ҳолатда бўлган. “Самолёт Польша ҳаво ҳудудини бузмаган”, — дея аниқлик киритди қўмондонлик.

Сўнгги ойларда Польша ва бошқа НАТО давлатлари ҳаво ҳудудларида шубҳали парвозлар ва ноаниқ дронлар фаолияти кескин кўпайгани кузатилмоқда. Айрим ҳолатларда бу дронлар фуқаролик аэропортлари ишига ҳам таъсир кўрсатган.

Хусусан, 19 сентябрь куни Эстония Мудофаа кучлари Бош штаби Россиянинг учта МиГ-31 самолёти Фин кўрфази орқали мамлакат ҳаво ҳудудига рухсатсиз кирганини ва у ерда тахминан 12 дақиқа бўлганини маълум қилган. Бу воқеадан кейин Эстония Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг муваққат ишлар бўйича вакилига нота топширган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса ўз навбатида айбловларни рад этди ва “Эстония ҳудуди бузилмаган, самолётлар халқаро ҳаво ҳудудида қонуний парвоз қилган”, деган баёнот берди.

Европа таҳлилчилари бу турдаги ҳолатларни Россиянинг Ғарб давлатларига нисбатан босим воситаси сифатидаги гибрид уруши билан боғламоқда. Уларга кўра, Москва ҳарбий парвозлар орқали НАТО мамлакатларининг ҳаво ҳимоя тизимларини синовдан ўтказмоқда ва уларнинг жавоб реакциясини ўрганаётган бўлиши мумкин.

Польша томони эса бу каби ҳолатларда тезкор ҳаракат қилиш ва ҳаво ҳимоясини кучайтиришни ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаган. Мамлакатнинг расмий изоҳида айтилишича, ҳар қандай қўшни давлат ёки номаълум учувчи қурилмаларнинг хаво ҳудудига яқинлашиши НАТО хавфсизлигига дахлдор масала сифатида баҳоланади.

Шу тариқа, Болтиқ осмонидаги кескинлик яна бир бор халқаро ҳамжамият эътиборини ўзига қаратди. Европа томони Россиянинг бу ҳаракатларини провокация деб баҳолар экан, Москва буни “одатий разведка фаолияти” деб ҳисобламоқда. Аммо кузатувчилар фикрича, ҳар бир шундай ҳодиса янги дипломатик тортишув ва хавфсизлик инқирози эҳтимолини янада оширмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: