Тожикистонда икки километрли музлик парчаланиб тушди
Тожикистоннинг Исмоил Сомоний тизмасида жойлашган йирик музликнинг бир қисми асосий қатламдан ажралиб тушди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 25 октябрь куни соат 11:00 ларда Тожикобод туманидаги Сафтаб қишлоғи яқинида содир бўлган. Ажралган музликнинг узунлиги тахминан 2 километр, баландлиги 25 метр, кенглиги эса 150–200 метрни ташкил этган.
Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотича, музликнинг силжиши аҳолига ёки инфратузилмага зарар етказмаган. Ҳодиса оқибатларсиз якунланган.
Мутахассислар бу жараённи иқлим ўзгариши ва ҳаво ҳароратининг барқарор ўсиши билан боғлашмоқда. Илгари бундай муз кўчкилари асосан Ҳимолай тоғларида — Ҳиндистон ва Непалда кузатилган бўлса, сўнгги йилларда Марказий Осиёда ҳам шундай ҳолатлар тез-тез рўй бермоқда.
Гляциологлар огоҳлантиришича, агар яқин кунларда кучли ёмғир ёғса, музликнинг яна бир қисми ажралиб кетиши мумкин. Бу эса Қаса-и-Наби қишлоғи яқинидаги Гулрез жамоатидаги айрим фермер хўжаликларига хавф солиши эҳтимолдан холи эмас.
Тахминларга кўра, агар музлик тўлиқ эриб кетса, тахминан 7–8 миллион куб метр сув ҳосил бўлади. Бироқ олимлар бу жараённинг кескин сув тошқинига айланиши кутилмаётганини таъкидламоқда.
