Илмий дунёда янги қадам: инсон юзи 3D-принтерда илк бор қайта яратилди

Илмий дунёда янги қадам: инсон юзи 3D-принтерда илк бор қайта яратилди

Британияда бахтсиз ҳодисадан сўнг юзининг ярмини йўқотган эркакнинг юзи 3D-принтерда чоп этилди, деб хабар берди Mirror.

2021 йилда Девоннинг 75 ёшли фуқароси Дейв Ричардс даҳшатли автоҳалокатдан зўрға омон қолди. Уни велосипед ҳайдаб кетаётганида маст ҳайдовчи уриб юборди. Эркак кўплаб жароҳатлар олди – синиш, лат ейиш ва юз ярмининг учинчи даражали куйиши. Бундай куйишда терининг барча қатламлари шикастланади, битиб кетганда чандиқланади, дағал ва ҳаракатсиз бўлиб қолади.

Жарроҳлар эркакнинг кўзини сақлаб қолишга ҳаракат қилди, бироқ инфекция кўриш нерви орқали тарқалиши хавфи туфайли уни олиб ташлашга тўғри келди. Кейин шифокорлар тананинг бошқа қисмидан қон томирлари бўлган тўқимани кўчириб ўтказди, бу эса юзнинг ярмини ёпиш учун ишлатилди.

«Менда чандиқларни олиб ташлаш учун бир нечта операциялар ўтказилди, – деб эслайди Дейв. – Тикланиш қийин кечди, лекин мен аввалги қиёфам ва ишончимни қайтариш учун қўлимдан келганини қилмоқчи эдим».

Реабилитация пайтида Ричардс янги 3D тиббиёт марказида ишлайдиган Reconstructive Prosthetics жамоаси билан учрашди. Бу ерда унга ўзига хос процедура – бош шакли, тери, кўз ва соч рангига тўлиқ мос келадиган индивидуал юз протезини яратиш таклиф қилинди.

«Жараён унчалик ёқимли бўлмади – кўплаб мум қолиплар, фотосуратлар, ўлчовлар олиш керак эди. Аммо 3D технологиялари ақл бовар қилмайдиган имкониятларни очиб берди. Энди протез максимал даражада табиий кўринади ва сезилади», деди эркак.

NBT реконструктив жарроҳлиги бўйича катта мутахассиси Эми Дейвининг сўзларига кўра, 3D-сканерлаш протезларни беморнинг ҳаракатларига мослаштириш имконини беради ва босиб чиқаришда ишлатиладиган материаллар тери учун хавфсиз бўлиб, тўқималар тузилишини тақлид қилиши мумкин.

Протезни ўрнатгандан сўнг, Дейв тикланиш курсини давом эттирди. Шунингдек, унга индивидуал орбитал протез ва 3D-принтерда чоп этилган бўйин корсети тайёрланди.

Ҳозир эркак чандиқлардаги зўриқишни камайтириш учун даволанишни давом эттирмоқда.

«Аввалига мен бу технологияга шубҳа билан қарадим, – деб тан олди эркак, – аммо энди шифокорлар ва муҳандислардан миннатдорман. Бу ҳаётимни ўзгартирди ва ўзимни яна ўзимдек ҳис қилишимга ёрдам берди».

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: