Эрдўған ва Мерцнинг Ғазо юзасидан баҳси шов-шувга сабаб бўлди

Эрдўған ва Мерцнинг Ғазо юзасидан баҳси шов-шувга сабаб бўлди

Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Германия канцлери Фридрих Мерц ўртасида Ғазо масаласида кескин баҳс юз берди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Маълумотларга кўра, 30 октябр куни Фридрих Мерц миграция, мудофаа ва Ғазодаги вазият бўйича ҳамкорликни қайта йўлга қўйиш мақсадида Анқарага ташриф буюрган. Бироқ музокаралар чоғида Ғазо бўйича икки томоннинг қарашлари кескин фарқ қилган.

Қўшма матбуот анжуманида Мерц Берлиннинг Исроилни қўллаб-қувватлаш позицияси ўзгармаслигини таъкидлаб, уруш учун жавобгарликни ҲАМАС зиммасига юклади.

“Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланмоқда. Агар ҲАМАС гаровдагиларни озод қилганида ва қуролни ташлаганида, қурбонлар сони бу қадар кўп бўлмасди”, — деди Германия канцлери.

Президент Эрдўған эса бу фикрга қўшилмаган ҳолда, ҲАМАС ядровий ёки оғир қуролларга эга эмаслигини, Исроил эса ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай, Ғазога зарба беришда давом этаётганини таъкидлади.

“Улар фақат ҳужум қилибгина қолмай, балки Ғазони очлик ва геноцид орқали бўйсундиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу фожеа ҳали ҳам давом этмоқда”, — деди Эрдўған.

Шу билан бирга, у Туркия ва Германия Ғазонинг келажаги бўйича “биргаликда ҳаракат қилиши”га умид билдирди.

Мерц эса ўз навбатида Туркияни ҲАМАСга таъсир кўрсатишга ва тинчлик режасининг иккинчи босқичига ўтишга чақирди. Эслатиб ўтамиз, 8 октябр куни АҚШнинг таклифи билан Туркия, Қатар ва Миср воситачилигида тинчлик келишувига эришилган эди.

Эрдўған, батафсил маълумот бермасдан, Туркия вазирларига ҲАМАС раҳбарлари билан мулоқотни давом эттириш вазифаси юкланганини билдирди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: