Қорақалпоғистонда Микрокредитбанк ходимлари мижозларнинг қарийб 10 млрд сўм омонат пулларини ўзлаштириб юборгани айтилмоқда

Қорақалпоғистонда Микрокредитбанк ходимлари мижозларнинг қарийб 10 млрд сўм омонат пулларини ўзлаштириб юборгани айтилмоқда

Микрокредитбанк АТБ Тўрткўл банк хизматлари марказининг 14 нафар ходимига жиноят иши қўзғатилган. Улар 17 кишининг омонатга қўйилган жами 9 млрд 577 млн сўм пулини талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Жабрланувчилардан бири Kun.uz билан боғланиб, йиллар давомида мусофирчиликда ишлаб топган пулини омонатга қўйганини, суд зарарни ундиришни банкка эмас, судланувчиларга қаратишидан хавотирда эканини билдирди.

Микрокредитбанк АТБ Тўрткўл банк хизматлари маркази ходимлари мижозларнинг омонат пулларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда.

Kun.uz танишган тергов ҳужжатида келтирилишича, жиноят иши бўйича Микрокредитбанк АТБ Тўрткўл банк хизматлари марказининг 14 нафар ходими айбланмоқда. Улар орасида марказ бошқарувчисидан тортиб кассиргача бор. Гумонланувчиларнинг 3 нафарига қамоққа олиш тарзидаги, қолганларига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси қўлланган.

Айблов хулосасига кўра, Микрокредитбанк АТБ бош офиси томонидан Микрокредитбанк АТБ Тўрткўл банк хизматлари марказида 2022 йил 1 январдан 2024 йил 1 июлгача бўлган давр оралиғида омонат пул маблағларининг қабул қилиниши, сақланиши ва омонатчиларга қайтарилиш ҳолатлари юзасидан текширув ўтказилган. Жараёнда марказ ходимлари тил бириктириб, 17 нафар мижознинг омонатга қўйган 9 млрд 577 млн сўм маблағини талон-торож қилгани аниқланган.

Марказ бошқарувчиси раҳбарлигидаги уюшган гуруҳ аъзолари омонат пулларини қуйидаги жиноий режа асосида талон-торож қилгани қайд этилган:

· янги мижозлар ва олдиндан банк мижозлари бўлган шахслар узоқ муддатли омонат ҳисобларини очиш ва пулини омонатга қўйиш орқали даромад топишга қизиқтирилган;

· расмийлаштирилган омонат шартномаси, омонат дафтарчалари ва бошқа ҳужжатларга омонатга қўйилаётган пул миқдорини камайтирган ҳолда киритишган. Бу орқали мижозлар томонидан тақдим этилган пул маблағларини банк кассасига кирим қилмаслик мақсад қилинган. Мижозларга эса пул маблағлари тўғри кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилган;

· сўнгра пул маблағлари омонатчиларнинг ҳисобрақамларидан улар ҳақида киритилган сохта маълумотлар асосида касса ходимларининг электрон имзолари орқали нақд кўринишда ечиб олинган. Омонат ҳисобрақамлари эса муддатидан олдин тугатилган;

· мижозларнинг омонат ҳисобрақамлари буткул тўхтаб қолиши ва йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш мақсадида омонатчиларнинг хабарисиз янги омонат ва бошқа банк ҳисобрақамлари яратилган. Ушбу ҳисобрақамларга банк кассаси орқали турли миқдорда пул маблағлари кирим қилинган. Бу орқали келгусида ноқонуний равишда чиқим қилинган пулларни ҳисобрақамларга қайтариш орқали жиноий ҳаракатни яшириш мақсад қилинган;

· жиноий гуруҳ аъзолари мижоздан сохта ҳужжатлар асосида қабул қилиниб, банк кассасига кирим қилинмаган ҳамда сохта қайдлар асосида банк ҳисобрақамларидан чиқим қилинган пулларни жиноий гуруҳ раҳбарига етказган. Тўпланган пул маблағлари жиноий гуруҳнинг 4 аъзоси ўртасида тақсимланган. Шу тариқа, мижозларнинг омонат пул маблағлари уларнинг банк ҳисобрақамларига қайтарилмасдан талон-торож қилинган.

2023-2024 йилларда Микрокредитбанк АТБ Тўрткўл банк хизматлари марказининг вақтинчалик бошқарувчиси бўлган шахс терговдаги кўрсатмасида айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. У ўз кўрсатмасида мижозларнинг омонат пуллари омонат ҳисобрақамларидан ечиб олинганини айтган. Қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган қолган икки гумонланувчи эса уларга қўйилган айбга иқрор бўлмаган.

“Қарийб 20 йилдан буён Россияда мавсумий ишларда ишлаб келаман. Тўплаган пулимни давлат банки дея ишониб Микрокредитбанкка омонатга қўйгандим. Мана, 1,5 йилдан буён пулимизни ололмаймиз. Ахир у пулларни мусофирчиликда пешона терим билан топганман”, дейди ҳолат бўйича Kun.uz’га боғланган жабрланувчилардан бири.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а, в” бандлари ҳамда 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а, б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов якунланиб, жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда. Жабрланувчилар суд зарарни ундиришни банкка эмас, судланувчиларга қаратишидан хавотирда эканликларини билдирмоқда.

Kun.uz ҳолат юзасидан Микрокредитбанк АТБ ахборот хизмати билан боғланди. Банк матбуот котиби ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суд ҳукми кутилаётганини, мижозлар омонати талон-торож қилингани ўз тасдиғини топиб, уни қоплаш суд ҳужжати билан банкка юклатилса, етказилган зарар муаммосиз тўлаб берилишини билдирди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: