Хусусий секторда банд фуқаролар учун нафақа тўлаш амалиёти йўлга қўйилади
 
                Президент Шавкат Мирзиёев 29 октябрь куни ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда аҳолининг камбағалликка тушиши олдини олиш долзарб масалалари кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, хусусий секторда банд бўлган аҳолининг барчасига ҳомиладорлик, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва ишдан бўшаш бўйича нафақалар тўлаб берилмаяпти. Бу ҳолатни тўловлар кўп ҳолларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархининг ошишига олиб келаётгани ва рақобатбардошликка таъсир кўрсатаётгани, иш берувчилар нафақаларни тўлашга ортиқча юкланма сифатида қараётгани сабабли тадбиркорлар учун ушбу тизим жозибадор эмаслиги билан изоҳлаш мумкин.
Қолаверса, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ижтимоий таъминотнинг минимал нормалари тўғрисида”ги ва “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги конвенцияларига мувофиқ, туғиш ва касаллик бўйича нафақалар ижтимоий суғурта механизмлари орқали тўланиши белгиланган.
Тақдимотда аҳолини ижтимоий нафақалар билан қамровини ошириш ҳамда миллий ижтимоий суғурта тизимини халқаро ҳужжатларга уйғунлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган таклифлар кўрилди.
Расмий банд бўлган барча шахсларга нафақалар босқичма-босқич Ижтимоий ҳимоя жамғармаси томонидан тўланиши йўлга қўйилади. 2026 йилдан бошлаб аёлларга ҳомиладорлик нафақаси, 2026 йил иккинчи ярмидан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари тўлаб борилади.
Янги тизимнинг асосий мақсади аёллар ва ишчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан бирга расмий меҳнат муносабатларини рағбатлантириш экани таъкидланди.
Президент таклифларни маъқуллаб, ижтимоий суғурта соҳасини рақамлаштириш, тизим шаффоф ишлаши, нафақалар проактив равишда тайинланиб, тўлаб борилишини таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берди.

 
                                             
                                             
                                             
                                         
                                         
                                         
                                        