Бухорода болаларга ноқонуний диний таълим бераётган шахслар қўлга олинди
Бухоро вилояти Ички ишлар органлари томонидан ўтказилган махсус тадбир давомида Шофиркон туманида бир гуруҳ шахсларнинг ўз уйларида болаларни ноқонуний равишда диний таълимга жалб қилганликлари аниқланди. Маълум қилинишича, таълим жараёни санитария талабларига зид шароитларда, жисмоний ва психологик босим остида олиб борилган.
Тергов маълумотларига кўра, ўқувчилар орасида нафақат Бухоро вилояти, балки Самарқанд ва Жиззах вилоятларидан келган болалар ҳам бўлган. Жами уч нафар болалар ноқонуний диний таълим олишга жалб қилинган.
Жорий йилнинг август ойидан бошлаб Ўзбекистонда болаларга ноқонуний диний таълим бериш билан боғлиқ жавобгарлик кучайтирилганлиги таъкидланмокда. Эндиликда бу каби қонунбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик ўрнига Жиноят кодексига биноан жавобгарлик белгиланган.
Ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг “Диний таълимотларни ўқитиш тартибини бузиш” моддасининг 2-қисми асосида жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчиларга уч йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилиши мумкин. Ҳозирда тергов ишлари давом этади.
