Эстония ташқи ишлар вазири Ғазодаги вазият юзасидан Исроилга босим ўтказиш зарурлигини билдирди
Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна Ғазо секторидаги ҳалокатли вазиятдан келиб чиқиб, Исроилга босим ўтказиш зарурлигини билдирди. Бу ҳақда Эстония вазири Туркия ташқи ишлар вазири Ҳақон Фидан билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
“Ғазодаги гуманитар вазият ҳақиқатдан ҳам ҳалокатли даражага етди. Шу муносабат билан Исроилга жиддий босим ўтказиш керак”, — деди у.
Эстония ташқи ишлар вазири Туркияга Ғазо сектори билан боғлиқ саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдириб, ўт очишни тўхтатиш ва махбусларни озод қилиш мавзуларига ҳам тўхталди.
Цахкнанинг таъкидлашича, Эстония ҳар доим икки давлат ечимини, БМТнинг Фаластин бўйича резолюцияларини қўллаб-қувватлаб келган ва Нью-Йорк декларацияси иштирокчиси ҳисобланади.
Шунингдек, Эстония БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) ҳамда бошқа идоралар орқали Ғазога гуманитар ёрдам юборишни давом эттираётганини қайд этди.
“Ғазода тинчликка қаратилган саъй-ҳаракатларнинг барқарорлигини таъминлаш учун Исроилга босим фақат Туркиядан эмас, балки бошқа давлатлардан ҳам давом этиши лозим”, — деди Эстония вазири.
