Кариб денгизи́да «Мелисса» тўфони қурбонлари сони 49 нафарга етди
«Мелисса» тўфони Кариб денгизи ҳудудида камида 49 кишининг ҳаётига зомин бўлди. The Guardian нашрининг ёзишича, шамол тезлиги соатига 295 км (185 миля) га етган «Мелисса» тўфони Кариб бўйлаб вайронагарчиликлар келтириб чиқариб, кучли ёмғир, бўрон ва сув тошқинларини келтирмоқда.
Минтақанинг энг кўп аҳолига эга Гаитида фуқаролик мудофаа идораси 30 киши ҳалок бўлгани, 20 киши яралангани ва яна 20 киши бедарак йўқолганини маълум қилди.
Қидирув-қутқарув ишлари давом этаётган Ямайкада Таълим, ёшлар ва ахборот вазири Дана Моррис Диксон қурбонлар сони 4 нафардан 19 нафаргача ошганини билдирди. Пойтахт Кингстондаги асосий халқаро аэропорт инсонпарварлик ёрдамларини қабул қилиш учун қайта очилди.
Бу Кариб денгизидаги тўфон қурбонларининг умумий сонини 49 нафарга етказди.
Хавфли ҳудудлардан 735 мингга яқин одам эвакуация қилинган Кубада ҳозирча ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.
Максимал 5-тоифа кучига етган «Мелисса» тўфони аввалроқ Гаити, Ямайка ва Кубани босиб, ҳалокатли сув тошқини ва электр таъминотидаги катта узилишларга сабаб бўлган эди.
Куба президенти Мигел Диас-Канель аҳолининг оммавий эвакуациясини эълон қилди. АҚШ эса офат оқибатларини бартараф этиш учун Кариб ҳавзасидаги жабрланган мамлакатларга қутқарув ва гуманитар ёрдам гуруҳларини жўнатди.
