Ўзбекистонда 114 мингдан ортиқ ҳайдовчи жарима баллари олди, айримларида 6 баллдан юқори

Ўзбекистонда 114 мингдан ортиқ ҳайдовчи жарима баллари олди, айримларида 6 баллдан юқори

ЙҲХХ ахборот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими жорий этилгандан сўнг беш ой ичида — 1 июндан 30 октябргача — 114 мингдан ортиқ ҳайдовчига жарима баллари ёзилган.

Маълумотларга кўра, тизим амалга киритилгандан кейин йўл-транспорт ҳодисалари сони 6,3 фоизга, ҳайдовчилар айби билан содир этилган автоҳалокатлар эса 31,2 фоизга қисқарган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу ҳолат жарима баллари тизими йўл ҳаракати хавфсизлигига ижобий таъсир кўрсатаётганини англатади.

Беш ой мобайнида жами 114 382 нафар ҳайдовчига жарима баллари қўлланилган. Шундан 114 374 нафарига 1 дан 5 баллгача, 6 нафарига 5 дан 6 баллгача, 1 ҳайдовчига 7 балл ва яна 1 ҳайдовчига 8 жарима балли ёзилган.

ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошовнинг таъкидлашича, жарима баллари тизими амалда ўзини оқламоқда:

“Қайсидир маънода жарима баллари тизими амалда ўзини оқлади. Чунки бундай натижа — яъни ЙТҲлар сонининг камайиши — жарима баллари жорий этилмасдан олдин кузатилмаган эди”, — деди у.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: