Ўзбекистонда ўғил болалар қизлардан кўп туғилмоқда
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025-йилнинг январ–сентябрь ойларида Ўзбекистонда 664,6 мингта тирик туғилиш ҳолати қайд этилган. Шундан 343,6 минг нафари ўғил бола (51,7 фоиз), 321 минг нафари эса қиз бола (48,3 фоиз) бўлган.
Туғилишларнинг 319,3 мингтаси шаҳар жойларда (48 фоиз), 345,3 мингтаси эса қишлоқларда (52 фоиз) қайд этилган. Демак, мамлакатда ҳар мингта аҳолига ўртача 23,5 та туғилиш тўғри келмоқда.
Статистик маълумотларга қараганда, 2025-йилда туғилишлар сони ўтган йилга нисбатан бир оз камайган. Хусусан, 2024-йилнинг шу даврига қараганда 29,3 минг нафарга кам бола дунёга келган. 2023-йилга нисбатан эса бу фарқ 52,3 мингни ташкил этмоқда.
Аҳоли сони эса 2025-йил 1-октабр ҳолатига кўра 38 миллион 69 минг нафардан ошган. Мутахассислар туғилишлар сонининг табиий ўзгариши мамлакатда урбанизация жараёнлари, оилавий режалаштириш ва ижтимоий-иқтисодий омиллар билан боғлиқлигини қайд этмоқда.
