Тошкентда иситиш тизими қачон ёқилиши маълум бўлди
Пойтахтда кутилган иситиш мавсуми бошланиш санаси маълум бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Метеорология хизмати маълумотларига асосан, шаҳар ҳокимининг махсус қарори қабул қилинган. Унга кўра, ижтимоий соҳа объектларида (мактаб, боғча, шифохона ва бошқалар) учун марказлашган иссиқлик таъминоти 2025 йил 3 ноябрдан, аҳоли турар-жой биноларида эса 5 ноябрдан бошлаб ишга туширилади.
Ҳокимликнинг маълум қилишича, бу қарор ҳаво ҳароратининг пасайиши ва фуқаролар учун қулай шароит яратиш мақсадида қабул қилинган. Иситиш тизимини босқичма-босқич ишга тушириш жараёнида ҳар бир маҳалла ва хонадонда тизимнинг барқарорлиги текширилади.
Шаҳар ҳокимлиги фуқаролардан иссиқлик таъминоти бўйича муаммолар юзага келганда бефарқ бўлмасликни сўраган.
“Агар турар-жойингизда ёки раҳбарлик қилаётган муассасада иссиқлик таъминотида носозлик ёки таъмирталаб ҳолатни аниқласангиз, бу ҳақда 1055 ёки 71-210-01-87 рақамларига қўнғироқ қилинг ёки ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларимизга мурожаат этинг. Бу орқали сиз тизимдаги камчиликларни бартараф этишга амалий ҳисса қўшган бўласиз”, — дейилади расмий баёнотда.
Мутахассислар таъкидлашича, иситиш тизими тўлиқ ишга тушганидан кейин ҳам алоҳида биноларда ҳарорат барқарорлиги учун бир неча кун вақт талаб этилиши мумкин. Шу сабабли аҳоли сабр-тоқатли бўлишга чақирилди.
