Туркия туризм бўйича 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида рекорд натижа қайд этди

Туркия туризм бўйича 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида рекорд натижа қайд этди

Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой Истанбулда бўлиб ўтган матбуот анжуманида туризм бўйича жорий йилнинг тўққиз ойлик натижаларини эълон қилди.

Вазир маълумотига кўра, Туркия 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 50 миллион сайёҳни қабул қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 фоизга ошган. Туризмдан олинган даромад эса 5,7 фоизга кўпайиб, 50 миллиард долларни ташкил этди. Сайёҳлар Туркияда ўртача 10,3 кеча қолган ва кунига ўртача 103 доллар сарфлаган. Бу натижа ўтган йилга қараганда 7 фоизга кўп.

Вазир Меҳмет Нури Эрсой шундай деди:

“2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида минтақамиз жиддий синовларга дуч келди. Минтақавий зиддиятлар ва глобал исиш оқибатида юзага келган мавсумий ўзгаришлар туризмга сезиларли таъсир кўрсатди. Шунга қарамай, пухта ишлаб чиқилган стратегия натижасида туризм даромадлари ўтган йилга нисбатан 5,7 фоизга ўсди ва бу рекорд натижадир. Илк бор учинчи чорак якунида даромад ҳажми 50 миллиард доллардан ошди. Йил якунига қадар туризмдан жами 64 миллиард доллар даромад олишни мақсад қилганмиз”.

Йилнинг дастлабки тўққиз ойида Туркияга энг кўп ташриф буюрган сайёҳлар Россия Федерацияси (5,53 миллион), Германия (5,22 миллион) ва Буюк Британия (3,54 миллион) дан бўлди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: