Тошкентда электр тармоғига ноқонуний уланганлик ҳолатини расмийлаштирмасликни ваъда қилган уста ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яккасарой тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда “Energo Savdo” филиали Яккасарой тумани бўлими ўчириш гуруҳи устаси Х.И. “R.H.” МЧЖга қарашли меҳмонхонада электр тармоғига ҳисоблагичдан ташқари ноқонуний уланганлик ҳолати бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига тадбиркордан 25 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, терговга қадар текширувда “Energo Savdo” филиали ходими Х.И. электр тармоғига ноқонуний уланиш ҳолатини ўз телефонида видео тасвирга олиб, меҳмонхона раҳбарига далолатнома расмийлаштирилса 70 млн сўм жарима қўлланилиши мумкинлигини айтиб, далолатномани расмийлаштирмаслик эвазига 35 млн сўм талаб қилиб, олдиндан бўнак сифатида 10 млн сўмини қўлга киритиб, меҳмонхонани электр тармоғига улаб берганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 214-моддаси (давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
