Haaretz: Исроил ёрдамнинг Ғазога етиб боришига йўл қўймаслик учун қаттиқ чоралар кўрмоқда

Haaretz: Исроил ёрдамнинг Ғазога етиб боришига йўл қўймаслик учун қаттиқ чоралар кўрмоқда

Исроил ҳукумати Ғазо сектори ва босиб олинган Ғарбий соҳилда фаолият юритаётган кўплаб инсонпарварлик ташкилотлари фаолиятини тўхтатиб қўйишга олиб келадиган чораларни кўрди, деб ёзади Haaretz газетаси.

Нашрнинг қайд этишича, аввал Исроилда фаолият юритиш учун рухсат олган кўплаб гуманитар ташкилотлар жорий этилган қатъий тартиблар туфайли ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Натижада минглаб тонна озиқ-овқат ва инсонпарварлик ёрдами Ғазо ташқарисида қолиб кетган.

Қайд этилишича, Исроилнинг янги сиёсати гуманитар ташкилотларнинг Ғазо ва Ғарбий соҳилга кириш шартларини қаттиқлаштириб, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ҳақида батафсил маълумот тақдим этишни талаб қилган.

Мақолада таъкидланишича, жорий отишмани тўхтатиш келишувига қарамасдан, Ғазо секторидаги гуманитар вазият ҳануз жуда оғирлигича қолмоқда.

“Юз минглаб фаластинликлар ҳанузча чодирларда яшамоқда. Сув, канализация ва электр тармоқлари вайрон қилинган, шифохоналар ярадарлар ва касаллар билан тўлиб кетган, озиқ-овқат нархи осмонга чиққан, аҳолининг катта қисми инсонпарварлик ёрдамига муҳтож”, — деб ёзади Haaretz.

Қаттиқ тартиб-қоидалар
Мақолада айтилишича, янги тартиблар гуманитар ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси аъзоси Амичай Шикли бошчилигидаги Диаспора ишлари вазирлигига топширилгандан сўнг ишлаб чиқилган.

Хабар қилинишича, энди гуманитар ташкилотлар Исроил расмийларига кўплаб ҳужжатлар, жумладан, барча ходимлар (шу жумладан, фаластинликлар) рўйхати ва уларнинг оила аъзолари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши лозим.

Қайд этилишича, Диаспора ишлари вазирлигига рухсатномаларни рад этиш бўйича кенг ваколатлар берилган. У “Исроилнинг яҳудий ва демократик давлат сифатида мавжудлигини инкор этувчи” ёки “қонунийлигини шубҳа остига қўювчи” ҳар қандай ташкилот аризасини рад этиши мумкин.

Шунингдек, Ғазо секторида уруш жиноятлари ва геноцид айбловлари билан Исроил фуқароларининг хорижда ёки халқаро судларда таъқиб этилишини қўллаб-қувватловчи ташкилотларга рухсат берилмаслиги таъкидланган.

Бундан ташқари, агар ташкилот ходимларидан бири сўнгги етти йил ичида Исроилни бойкот қилишга чақирган бўлса, ариза ҳам рад этилади.

100 та аризадан 14 таси рад этилди
Нашр ёзишича, сентябр ойидан бери Исроил агентлиги гуманитар ташкилотларнинг 100 та аризасини кўриб чиққан, улардан 14 таси рад этилган, қолганлари эса кўриб чиқиш жараёнида.

Рухсат олган баъзи ташкилотлар 2024 йил май ойида Исроил ва АҚШ томонидан тузилган Ғазо гуманитар ёрдам жамғармаси билан ҳамкорлик қилади, аммо фаластинликлар буни “ўлим тузоғи” деб аташган.

Исроил ва Қўшма Штатлар аввал БМТ агентликлари ёки йирик халқаро ташкилотлар орқали эмас, айнан шу жамғарма орқали ёрдам тарқатишга уринишган, аммо жамғарма қаттиқ танқидга учраган ва октябр ойида фаолиятини тўхтатган.

Кейинчалик Исроил армияси жамғарма марказлари яқинида ўқ узгани натижасида ёрдам кутган ўнлаб фаластинликлар ҳалок бўлган.

Мақолада таъкидланишича, сўнгги ҳафталарда Исроил Ғазога гуманитар юкларни муқобил каналлар орқали етказиш уринишларига ҳам тўсиқ қўймоқда.

Исроил рухсатини ололмаган ташкилотлар БМТ тузилмалари ёки бошқа рухсатга эга идоралар орқали ёрдам жўнатишга уринган, аммо Исроил расмийлари бу йўлларни ҳам ёпиб қўйган.

Натижада катта ҳажмдаги инсонпарварлик ёрдами Исроил, Иордания, Миср ва Фаластин маъмурияти ҳудудларида қолиб кетган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: