Тошкент ва Навоий вилоятларида давлат хизматчилари пора билан қўлга тушди

Тошкент ва Навоий вилоятларида давлат хизматчилари пора билан қўлга тушди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлатимиз Раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида коррупцияга қарши курашиш ва бу турдаги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қувонарлиси бу борада қатор ижобий натижаларга эришилмоқда ва буни халқаро рейтинг ҳамда индексларда Ўзбекистоннинг ўрни тобора яхшиланаётганлигида кўришимиз мумкин.

Шу билан бирга, тараққиёт кушандаси ҳисобланган ушбу иллатга нисбатан курашни бир зумга бўлсада бўшаштирмаслик лозим.

Чунки, шоли курмаксиз бўлмагани каби, жамиятимизда унинг домига тушиб қолаётганлар йўқ эмас.

1️⃣ Жумладан, Тошкент вилояти Солиқ бошқармасининг сайёр солиқ текширувлари бўлими катта инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Ангрен шаҳрида фаолият юритувчи, боғдорчилик ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликда ўтказилаётган сайёр солиқ текширувини ижобий ҳал қилиб, 1 йил давомида солиқ органлари томонидан текширув ўтказмаслик эвазига хўжалик раҳбаридан 5 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда солиқ инспектори ўз ҳаракатлари қонунга хилоф эканлигини билгани ҳолда, ушбу пул маблағини тамагирлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

2️⃣ Бошқа ҳолатда эса Навоий вилоятидаги туманлардан биридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори ҳамда бош ҳисобчиси ўзаро тил бириктириб, мактаб мураббийига ажратилиши лозим бўлган хизмат сафари пулидан қўштирноқ ичида улуш олишни режа қилишади.

Хусусан, улар жорий йилнинг март ва май ойларида пара енгил атлетика спорт тури бўйича мураббий 8 нафар спортчи билан Тошкент вилоятида ўтказилган мусобақада иштирок этганлиги бўйича тўланиши керак бўлган жами 40 млн 722 минг сўм миқдоридаги хизмат сафари пулларини тўлаб бериш эвазига ушбу суммадан 40 фоизини, яъни 16 млн сўмдан ортиқроқ қисмини беришини талаб қилишади.

Сўнгра бош ҳисобчи мураббийнинг банк пластик картасига хизмат сафари пули ҳисобидан 10 млн сўм ўтказиб бериб, шундан 3 млн. сўмни пора сифатида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисмининг тегишли бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар ҳар қандай қонунбузарлик жавобгарликка сабаб бўлади. Шу боис, осуда ҳаётингизни издан чиқариб, пушаймон бўлманг. Огоҳ бўлинг.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: