Хитой 2026 йилда Тайванга бостириб кирмоқчи

Хитой 2026 йилда Тайванга бостириб кирмоқчи

Хитой Тайванга 2026 йил ноябрида ҳужум қилиши мумкин. Бу ҳақда Германиянинг Bild нашри Ғарб разведкасидаги манбаларига таяниб ёзди.

Манбаларга кўра, келгуси йил ноябрь ойида АҚШда бўлиб ўтадиган оралиқ парламент сайловлари Америкада сиёсий инқироз ва ички тартибсизликларга олиб келса, босқин бошланиши мумкин.

Қайд этилишича, Пекин Америкадаги партиялардан бирининг сайлов натижаларидан норозилиги туфайли юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий сиёсий инқирозга уруш бошлаш имконияти сифатида қарамоқда.

«Хитой ҳарбий мақсадлар учун кўп сонли фуқаролик паромларини модернизация қилмоқда ва 2026 йил охиригача 70 дан ортиқ йирик паром қуришни режалаштирмоқда. Агар Си Жинпинг Тайванни бошқа йўл билан қўшиб олиш мумкин эмас деб ҳисобласа, мамлакат ҳарбий босқинни танлайди», деди нашрга таҳлилчи Май-Бритт Штумбаум.

Тайваннинг Германиядаги вакили Клемент Гу Хитойдан келаётган таҳдид йил сайин ортиб бораётганини айтди.

«Хитой гибрид урушдан фойдаланмоқда ва умуман демократияга ва минтақадаги барқарорликка ҳужум қилмоқда. Ҳинд-Тинч океани минтақасида Хитойдан келаётган таҳдидни ҳисобга олган ҳолда, Тайван АҚШ каби бошқа давлатлар билан ҳамкорликни олқишлайди», деди у Bild нашрига берган интервьюсида.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: