Исломбек Исмоилов Ўзбекистон U-17нинг кечаги мағлубиятига изоҳ берди
Ўзбекистон U-17 бош мураббийи Исломбек Исмоилов ЖЧ «J» гуруҳ 2-тур доирасидаги Ирландияга қарши ўйиндан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб берди.
— Олдиндан рақиб қанотлардан ҳужум қилиб, асосан 11-рақамли ўйинчиси орқали ўйнашини билардик. Бунга тайёргарлик кўргандик. Аммо, иккита вазиятда эътиборни йўқотдик ва рақиб ўз имкониятидан фойдаланиб кетди. Бизда ҳам вазиятлар юзага келди, аммо уларни голга айлантира олмадик. Шунга қарамасдан футболчилар қўлларидан келганча ҳаракат қилишди. Ўйинни кўриб, таҳлил қилиб чиқамиз.
Иккинчи қаватдаги ўйинимиз ҳақида нима дейсиз ?
— Албатта, кўриниб турибдики, рақиб ўйинчилари бўй жиҳатдан анча баланд. Шу сабаб иккинчи қаватда жуда қийин бўлди. Бизнинг қанот ҳимоячилар ва рақиб ўйинчиларининг бўйлари орасида жуда катта тафовут бор. Бу иложсиз нарса. Сабаби 168 сантиметр бўйга эга футболчи 190 сантиметрликни ютиши жуда қийин.
Ҳакамлик бўйича нима дейсиз?
— Нима ҳам дердик? Бундай турнирларда ёш футболчиларни ҳисобга олиш ва ЖЧдек турнирларни ҳурмат қилиш керак.
— Терма жамоамиз гол киритиб олганидан сўнг ўйинни бироз ташлаб юборгандек бўлди.
— Бу бўйича ўтган ўйиндан кейин ҳам иш олиб борган эдик. Биринчи таймдан кейин ҳам айтиб ўтгандик, руҳият билан боғлиқ муаммо бор. Футболчилар кўп ҳолатларда ёшлик қилишмоқда. Гол уриб олгандан сўнг ҳисобни сақлашга ҳаракат қилишяпти. Биз ҳеч қачон бундай кўрсатма бермаймиз. Аксинча, гол ургандан сўнг яна олға бориш кераклигини айтамиз. Кўп ҳолларда футболчиларнинг руҳийҳолати бунга дош бермаяпти. Олдимизда вақт ва имконият бор, бунинг устида ҳам ишлаймиз.
Ўйин давомида, айниқса биринчи бўлимда ҳужум бир томонга, аниқроғи Сайфиддин Содиқов томонга оғиб кетгандек кўринмадими?
— Биз бутун ўйин давомида балансни ушлашга ҳаракат қиламиз. Аммо, Садриддин Ҳасанов ҳали ўзининг тўлиқ потенциалини кўрсата олгани йўқ. Ўзингиз кўриб турганингиздек, у тўпни эгаллаган пайти рақибнинг керак бўлса уч ҳимоячиси уни ёпишга ҳаракат қилмоқда. Шу сабаб чап қанотдан ҳужум уюштиришда муаммо юзага келяпти.
Айниқса биринчи бўлимдаги марказдаги ўйинимиз жуда суст бўлгани ҳақида нима дейсиз?
— Ярим ҳимояда ҳаракат қилган ўйинчиларимиз жуда қўпол хатоларга йўл қўйишди. Айниқса, техник хатолар кузатилди.
Азизбек Эримбетов жароҳатдан қутилганмиди ёки йўқ?
— Ҳа, унда жароҳат бор эди. Аммо, ҳозирги пайтда унинг ўрнини тўлдирадиган ўйинчимиз йўқ. Мана ўтган ўйинда ҳам бир футболчига имконият бериб кўрдик, аммо у ҳам баҳсга киришиб кетишга қийналди. Шу сабаб қўл остимизда бор ўйинчилардан имкон қадар фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
— Ирландия терма жамоасидаги 11-рақамли ўйинчи ҳақида гапирсангиз. Индивидуал жиҳатдан кучли бўлган ўйинчи ҳимоямизга жуда кўп муаммолар туғдирди.
— Уни тузилиши, тўп билан муомала қилиши ва ўйинни ўқиши, умуман ҳар томонлама идеал ўйинчи деса бўлади. Ҳар бир мураббий ўз жамоасида шундай кучли ўйинчилар бўлишини хоҳлайди. Бизни йигитлар ҳам ундан кам эмас ва мусобақа давомида ўз имкониятларини намоён қилишади.
championat.asia
