Экология соҳасида бошқарувни такомиллаштириш ва лойиҳалар самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда табиатни муҳофаза қилиш, атмосфера ҳавосини яхшилаш, яшил ҳудудларни кўпайтириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Лекин амалдаги тизимдаги тарқоқлик, масъулият ва ваколатларнинг турли идоралар ўртасида бўлиниб кетгани натижасида ишлар самараси ҳам доимо кутилган даражада бўлмаяпти.
Шу муносабат билан йиғилишда соҳада бошқарувни такомиллаштириш юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилди.
Атроф-муҳит сифатини, шаҳарларда атмосфера ҳавосини яхшилаш, яшил ҳудудларни ривожлантириш, табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш ва табиий меросни муҳофаза қилиш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш ва молиялаштиришни марказлашган ҳолда олиб бориш таклиф этилди.
Экологик назоратни алоҳида ёндашувлар асосида йўлга қўйиш ва масъул идораларнинг ваколатларини кенгайтириш режалари ҳақида маълумот берилди. Бунда, соҳадаги қоидабузарликларга қарши тезкор чора кўриш, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, ҳавонинг ифлосланишини олдини олиш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш механизмлари, шунингдек, саноатда экологик тартибга солишни такомиллаштириш ва аҳоли пунктларида яшил ҳудудларнинг сақланишини таъминлаш чоралари кўриб чиқилди.
Президентимиз билдирилган таклифларни маъқуллаб, уларни бошқарувда сифат ва самарадорликни янги босқичга олиб чиқиш, назорат ва масъулиятни кучайтириш нуқтаи назаридан янада такомиллаштириш юзасидан топшириқлар берди.
