Гулнора Каримова атрофидаги молиявий триллер: Zeromax кредиторлари судда муҳим ютуққа эришди
Швейцария тарихидаги иккинчи энг йирик банкротлик ҳолати юзасидан Zeromax кредиторининг Ernst & Young’га қарши даъволари бўйича суд давом этмоқда. Олий суднинг оралиқ қарори билан, жавобгар томонга аудит жараёнидаги ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти юклатилди. Бу мажбурият “катта тўртлик” компанияси учун улкан репутациявий йўқотишлар ва миллиард долларлик жарима билан тугаши мумкин.
5 йилдан бери давом этаётган суд ишида Ernst & Young’нинг Швейцариядаги бўлими Гулнора Каримовага алоқадорлиги гумон қилинадиган Zeromax’нинг шубҳали транзакцияларига кўз юмиш ва компания молиявий ҳисоботларига ижобий хулоса бериш орқали кредиторларнинг зарар кўришига сабабчи бўлишда айбланмоқда.
