Украина ТИВ Россия билан тинчлик музокараларини тўхтатдими?
Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокаралари жорий йилда сезиларли тараққиётсиз якунланди, шунинг учун уларни тўхтатишга қарор қилинди, деди Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кислица 11 ноябрь куни Times газетасига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, Киев 2025 йил ёзидан бери Украинанинг халқаро ҳамкорларидан Россия президенти Владимир Путинга президент Владимир Зеленский билан шахсан учрашишга рози бўлиши учун босимни кучайтиришга эришиш мақсадида фаол иш олиб бормоқда.
«Диктатура шароитида диктаторнинг музокара гуруҳлари билан самарали мунозара олиб бориб бўлмайди. Уларда жуда қаттиқ мандат бор ва улар ўзига буюрилган позицияни ҳимоя қилиши керак», деди Кислица Украина ва Россия делегацияларининг Истанбулдаги музокаралар жараёнини назарда тутиб.
Кислицанинг интервьюсидан сўнг Россия Ташқи ишлар вазирлиги Кремль Туркияда Украина билан музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини айтиб, тинчлик жараёни Киев томонидан тўхтатилганини таъкидлади.
«Туркия вакиллари уларни (музокараларни) қайта бошлашга бир неча бор чақирган. Россия жамоаси бунга тайёр, тўп Украина томонида», деб маълум қилди Россия ТИВ МДҲ мамлакатлари иккинчи департаменти раҳбари Алексей Полишук.
