Ўзбекистонликлар рухсат этилмаган жойларга чиқинди ташлаб кетгани учун бир миллиардга яқин пул тўлаган

Ўзбекистонликлар рухсат этилмаган жойларга чиқинди ташлаб кетгани учун бир миллиардга яқин пул тўлаган

 

Ўзбекистонда жорий йилнинг январь–ноябрь ойларида чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларга ташлаб кетиш билан боғлиқ 9,8 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш маълумотларига кўра, ушбу қоидабузарликларнинг барчаси доимий мониторинг олиб борувчи ишчи гуруҳ томонидан ўрнатилган ИП камералар орқали аниқланган.

 

 

 

Қайд этилган ҳолатларнинг 2,2 мингига нисбатан маъмурий чоралар қўлланилиб, жами 900 миллион сўмдан ортиқ жарима ундирилган. Яна 7,6 мингта ҳолат юзасидан эса терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда, уларга нисбатан кейинги жараёнлар амалдаги тартибда давом эттирилади.

 

 

 

Статистикага кўра, автомашиналардан чиқинди ташлаб кетиш ҳолатлари қарийб 4 минг маротаба кузатилган.

 

 

 

Ҳудудлар кесимида энг кўп қоидабузарликлар Фарғона водийси вилоятларида қайд этилган: Андижонда — 3 минг, Наманганда — 2,9 минг, Фарғонада — 1,6 минг ҳолат. Кейинги ўринларда Самарқанд (тахминан 1 минг), Тошкент вилояти (430 дан ортиқ), Сурхондарё (250), Сирдарё (140 дан ортиқ), шунингдек Тошкент шаҳри ва Хоразм вилояти (120 га яқин) қайд этилган.

 

 

 

Навоий, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида қоидабузарликлар сони 100 тадан камни ташкил этди. Бухоро вилояти энг тоза ҳудуд сифатида қайд этилиб, атиги икки ҳолат аниқланган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: