БМТ: Ғазо секторидаги болалар эмланмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ Болалар жамғармаси Ғазодаги 44 минг болага тиббий ёрдам кўрсатмоқда. Бу ҳақда БМТ ахборот хизмати хабар берди.
Тиббий ёрдам доирасидаги эмлаш кампанияси 18 ноябргача давом этади.
Можародан олдин Ғазода 54 та эмлаш маркази бўлган. Минтақа болаларни вакцина билан қамраб олиш бўйича дунёдаги пешқадамлар қаторида эди.
“20 мингдан ортиқ болаларнинг ҳаётига зомин бўлган урушдан кейин бизда тирик қолганларни ҳимоя қилиш имконияти бор. Ҳар бир болани эмлаш, саломатлигини сақлаш, тўғри овқатланишини таъминлаш нафақат инсонпарварлик, балки маънавий-ахлоқий талабдир. Биз уруш пайтида туғилган болалар келажагини ҳимоя қиляпмиз ва вайроналар орасида умидни сўндирмаяпмиз”, — деди ЮНИCЕФнинг Фаластин Давлати бўйича махсус вакили Жонатан Вейтч.
Кампания давомида ЮНИCЕФ Ғазо секторига 11 турдаги вакциналар, тиббий асбоб-ускуналар ва озуқавий қўшимчалар етказиб беради. Эмлаш ишлари Ғазо сектори бўйлаб 149 та соғлиқни сақлаш муассасаси ва 10 та мобиль бўлинма орқали амалга оширилади.
