Рубиалеснинг ўз тоғаси унга тухум билан ҳужум қилди
Испания Қироллик футбол федерациясининг собиқ раҳбари Луис Рубиалес яна ноқулай вазиятга тушиб қолди. У ўзининг китоб тақдимотини ўтказишга қарор қилган эди, бироқ тадбир давомида кимдир унга чириган тухумлар улоқтира бошлади.
Маълум бўлишича, бу ишни унинг ўз тоғаси қилган. Рубиалес уни қувлашга ҳаракат қилди, аммо бошқалар уни тўхтатиб қолди ва вазият жиддий тус олмаслигига йўл қўйилмади.
«Яхшиямки, мени тўхтатишди, акс ҳолда вазият қандай якунланишини олдиндан айтиб бўлмасди. Чунки у ерда бошқа одамлар ҳам бор эди», – деди Рубиалес журналистларга.
Шу билан бирга, Испания матбуотида Рубиалес ўз тоғасини бундай ҳаракатга ўзи ундаган бўлиши мумкинлиги ҳақида фикрлар ҳам мавжуд. Тахминларга кўра, тоғасининг бу ҳаракати Рубиалеснинг машҳурлигини ошириш ва тақдимотга кўпроқ эътибор қаратиш учун режалаштирилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Ушбу китоб Рубиалеснинг Испания терма жамоаси футболчиси Женнифер Ҳермосони ўпиши ортидан юзага келган можаролар ҳақида ёзилган.
