Алишер Усмонов синглисига қарши айбловлар бўйича судда ғолиб чиқди
USM Holding асосчиси Алишер Усмонов ўз синглиси Саодат Нарзиевага нисбатан санкциялар қўлланишига асос бўлган маълумотларни тарқатган Германия фуқаросига қарши суд жараёнида ютиб чиқди. Гамбург вилоят суди айбланувчининг Facebook ижтимоий тармоғида (Меtа — экстремистик деб топилган ва тақиқланган) жойлаштирган, Усмонов гўёки синглисидан Швейцариядаги Credit Suisse банк ҳисобларини яширишда фойдаланган деган мазмундаги постини ноқонуний деб топди. Мазкур эълон ҳозир платформадан ўчириб ташланган.
Суд қарорига кўра, айбланувчи мазкур ёлғон маълумотни қайта тарқатган тақдирда, ҳар бир тақиқланган пост учун 250 минг еврогача жарима ёки олти ойгача, жами икки йилгача маъмурий қамоқ жазосига тортилиши мумкин.
Тадбиркорнинг адвокати Ёахим Штайнхофел “Kommersant” нашрига берган изоҳида шундай деди: “Суд Алишер Усмонов ва унинг яқинларига қўйилган санкция айбловлари ҳеч қандай факт билан тасдиқланмаганини яна бир бор кўрсатди. Санкция ва обрў масалалари журналистик хатоларга асосланмаслиги керак”.
Унинг қайд этишича, Гамбург суди қарори ҳамда Европа Иттифоқи Кенгашининг Саодат Нарзиевани санкциялар рўйхатидан чиқариш қарори ушбу айбловлар сохта асосланганини тасдиқлайди. Адвокатнинг фикрича, ҳали ҳам сақланиб турган санкциялар барча юрисдикцияларда бекор қилиниши лозим.
Саодат Нарзиева 2022 йил апрель ойида Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг санкция рўйхатларига киритилган эди. Бунга айрим журналистлар Усмонов гўёки унга “катта ҳажмдаги активларни ўтказган” деган иддаолари сабаб бўлган. Усмонов ва Нарзиева бу айбловларни қатъиян рад этишган.
2022 йил сентябрь ойида Европа Иттифоқи Кенгаши Нарзиевани санкциялар рўйхатидан чиқариб ташлади, бироқ Буюк Британия томонидан жорий этилган чекловлар ҳозирча сақланмоқда.
Сўнгги йилларда Европанинг қатор ОАВлари Усмоновга нисбатан илгари сурилган айбловларни исботлай олмаганини тан олиб, нотўғри маълумотларни тарқатишни тўхтатиш бўйича ёзма мажбурият берган. Тадбиркор вакилларининг маълум қилишича, 2023–2025 йиллар давомида дунё бўйича 15 та суд буйруғи, 86 та тўхтатиш тўғрисидаги билдиришнома олинган, юзлаб обрўсизлантирувчи материаллар ўчириб ташланган, мингдан ортиқ мақолаларга тузатиш киритилган.
